gurlan41.uz

«Kuch bilim va tafakkurda.»
I. A. Karimov
» » Yozgi ta'til davrida huquqiy savodxonligimizni oshiraylik ! (ТЕРРОРИЗМГА ҚАРШИ КУРАШ ТЎҒРИСИДА)

Yozgi ta'til davrida huquqiy savodxonligimizni oshiraylik ! (ТЕРРОРИЗМГА ҚАРШИ КУРАШ ТЎҒРИСИДА)

I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади ва асосий вазифалари

Ушбу Қонуннинг мақсади терроризмга қарши кураш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

Ушбу Қонуннинг асосий вазифалари шахс, жамият ва давлатнинг терроризмдан хавфсизлигини таъминлаш, давлатнинг суверенитетини ва ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилиш, фуқаролар тинчлиги ва миллий тотувликни сақлашдан иборат.

2-модда. Асосий тушунчалар

Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

гаровга ушлаб турилган шахс  қўлга олинган ёки ушлаб турилган шахсни озод этиш шартлари сифатида давлат ҳокимияти ва бошқарув органларини, халқаро ташкилотларни, шунингдек айрим шахсларни бирон-бир ҳаракат содир этишга ёки бундай ҳаракат содир этишдан тийилишга мажбур қилиш мақсадида террорчилар томонидан қўлга олинган ёки ушлаб турилган жисмоний шахс;

терроризм  сиёсий, диний, мафкуравий ва бошқа мақсадларга эришиш учун шахснинг ҳаёти, соғлиғига хавф туғдирувчи, мол-мулк ва бошқа моддий объектларнинг йўқ қилиниши (шикастлантирилиши) хавфини келтириб чиқарувчи ҳамда давлатни, халқаро ташкилотни, жисмоний ёки юридик шахсни бирон-бир ҳаракатлар содир этишга ёки содир этишдан тийилишга мажбур қилишга, халқаро муносабатларни мураккаблаштиришга, давлатнинг суверенитетини, ҳудудий яхлитлигини бузишга, хавфсизлигига путур етказишга, қуролли можаролар чиқаришни кўзлаб иғвогарликлар қилишга, аҳолини қўрқитишга, ижтимоий-сиёсий вазиятни беқарорлаштиришга қаратилган, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексида жавобгарлик назарда тутилган зўрлик, зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш ёки бошқа жиноий қилмишлар;

террорчи  террорчилик фаолиятини амалга оширишда иштирок этаётган шахс;

террорчилик гуруҳи  олдиндан тил бириктириб террорчилик ҳаракатини содир этган, бундай ҳаракатга тайёргарлик кўрган ёки уни содир этишга суиқасд қилган шахслар гуруҳи;

террорчилик ташкилоти  икки ёки ундан ортиқ шахснинг ёки террорчилик гуруҳларининг террорчилик фаолиятини амалга ошириш учун барқарор бирлашуви;

террорчиликка қарши операция  террорчилик ҳаракатига чек қўйиш ва унинг оқибатларини минималлаштириш, шунингдек жисмоний шахсларнинг хавфсизлигини таъминлаш ҳамда террорчиларни зарарсизлантиришга қаратилган, келишилган ва ўзаро боғлиқ махсус тадбирлар мажмуи;

террорчиликка қарши операция ўтказиладиган зона  жойнинг ёки акваториянинг алоҳида участкалари, ҳаво бўшлиғи, транспорт воситалари, бинолар, иморатлар, иншоотлар, хоналар ҳамда террорчиликка қарши операция ўтказиладиган доирадаги уларга туташ ҳудудлар;

террорчилик фаолияти  террорчилик ҳаракатини уюштириш, режалаштириш, тайёрлаш ва амалга оширишдан, террорчилик ҳаракатига ундашдан, террорчилик ташкилотини тузишдан, террорчиларни ёллаш, тайёрлаш ва қуроллантиришдан, уларни молиялаштириш ва моддий-техника жиҳатидан таъминлашдан иборат бўлган фаолият;

террорчилик ҳаракати  гаровда ушлаб туриш учун шахсларни қўлга олиш ёки ушлаб туриш, давлат ёки жамоат арбобининг, аҳолининг миллий, этник, диний, бошқа гуруҳлари, чет эл давлатлари ва халқаро ташкилотлар вакилларининг ҳаётига тажовуз қилиш, давлат ёки жамоат аҳамиятига молик объектларни босиб олиш, шикастлантириш, йўқ қилиш, портлатишлар, ўт қўйишлар, портлатиш қурилмаларини, радиоактив, биологик, портловчи, кимёвий, бошқа заҳарловчи моддаларни ишлатиш ёки ишлатиш билан қўрқитиш, ер усти, сув ва ҳаво транспорти воситаларини қўлга олиш, олиб қочиш, шикастлантириш, йўқ қилиш, аҳоли гавжум жойларда ва оммавий тадбирлар ўтказилаётганда ваҳима кўтариш ва тартибсизликлар келтириб чиқариш, аҳоли ҳаётига, соғлиғига, жисмоний ёки юридик шахс-лар мол-мулкига авариялар, техноген хусусиятли ҳалокатлар содир этиш йўли билан зарар етказиш ёки хавф туғдириш, таҳдидни ҳар қандай воситалар ва усуллар билан ёйиш тарзида террорчилик тусидаги жиноятларни, Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида ва халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган нормаларида белгиланган террорчилик тусидаги бошқа ҳаракатларни содир этиш;

халқаро терроризм  бир давлат ҳудуди доирасидан ташқарига чиқадиган терроризм.

3-модда. Терроризмга қарши кураш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари

Терроризмга қарши кураш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг терроризмга қарши кураш тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.

4-модда. Терроризмга қарши курашнинг асосий принциплари

Терроризмга қарши курашнинг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:

қонунийлик;

шахс ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг устуворлиги;

терроризмнинг олдини олиш чоралари устуворлиги;

жазонинг муқаррарлиги;

терроризмга қарши кураш ошкора ва ноошкора усулларининг уйғунлиги;

жалб этиладиган кучлар ва воситалар томонидан террорчиликка қарши ўтказиладиган операцияга раҳбарлик қилишда яккабошчилик.

5-модда. Террорчилик фаолиятининг олдини олиш

Террорчилик фаолиятининг олдини олиш давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда жамоат бирлашмалари, шунингдек корхоналар, муассасалар, ташкилотлар томонидан сиёсий, ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий ва бошқа профилактик чоралар мажмуини ўтказиш орқали амалга оширилади.

Қуйидагилар тақиқланади:

терроризмни тарғиб қилиш;

террорчилик гуруҳлари ва ташкилотларини тузиш ҳамда уларнинг фаолият кўрсатиши;

террорчилик фаолиятига дахлдор юридик шахсларни, уларнинг бўлинмалари (филиаллари) ва ваколатхоналарини (шу жумладан чет эл ва халқаро ташкилотларнинг ваколатхоналарини) аккредитация қилиш, рўйхатдан ўтказиш ва уларнинг фаолият кўрсатиши;

террорчилик фаолиятига дахлдор чет эл фуқаролари ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистон Республикасига кириши;

тайёрланаётган ёки содир этилган террорчилик ҳаракатларига оид маълумотлар ва фактларни яшириш.

6-модда. Терроризмга қарши курашни амалга оширувчи давлат органларига кўмаклашиш

Давлат бошқарув органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар, мансабдор шахслар, шунингдек фуқаролар терроризмга қарши курашни амалга оширувчи давлат органларига кўмаклашадилар ва зарур ёрдам берадилар.

7-модда. Ўзбекистон Республикасининг терроризмга қарши кураш соҳасидаги халқаро ҳамкорлиги

Терроризмга қарши кураш соҳасида Ўзбекистон Республикасининг чет эл давлатлари билан, уларнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари, махсус хизматлари ҳамда халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлиги Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ амалга оширилади.

II. ДАВЛАТ ОРГАНЛАРИНИНГ ТЕРРОРИЗМГА ҚАРШИ КУРАШ СОҲАСИДАГИ ВАКОЛАТЛАРИ

8-модда. Терроризмга қарши кураш бўйича давлат органлари

Терроризмга қарши курашни амалга оширувчи давлат органлари қуйидагилардан иборат:

Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати;

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги;

ЎзР 30.04.2004 й. 621-II-сон Қонунига мувофиқ тўртинчи хат боши чиқариб ташланган

Ўзбекистон Республикаси Давлат чегараларини ҳимоя қилувчи қўмита;

Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси;

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги;

Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги.

Терроризмга қарши курашда иштирок этаётган давлат органларининг фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда террорчилик фаолиятининг олдини олиш, уни аниқлаш, унга чек қўйиш ва унинг оқибатларини минималлаштириш борасида ҳамкорликда ҳаракат қилишларини таъминлаш Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати томонидан амалга оширилади.

9-модда. Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизматининг терроризмга қарши кураш соҳасидаги ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати:

террорчилик фаолиятининг олдини олиш, уни аниқлаш ва унга чек қўйиш йўли билан терроризмга, шу жумладан халқаро терроризмга қарши курашни амалга оширади;

террорчилар, террорчилик гуруҳлари ва террорчилик ташкилотлари фаолияти тўғрисидаги ахборотларни тўплайди ҳамда таҳлил қилади, улардан келиб чиқаётган таҳдиднинг миллий хавфсизликка қай даражада хавфли эканлигини баҳолайди, тегишли вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларга зарур ахборотлар тақдим этади;

террорчиларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудига киришидан Давлат чегарасининг ҳимоя қилиниши ва қўриқланишини таъминлайди;

Ўзбекистон Республикаси Давлат чегараси орқали қурол, ўқ-дорилар, портловчи, радиоактив, биологик, шунингдек кимёвий ёки бошқа заҳарловчи моддаларнинг, террорчилик ҳаракатини содир этиш мақсадида ишлатилиши мумкин бўлган предмет ёки материалларнинг ноқонуний олиб ўтилиши олдини олиш, уни аниқлаш ва унга чек қўйиш чораларини кўради;

чегара олди минтақасида ва чегара олди зонасида террорчиларни, террорчилик гуруҳларини аниқлайди, зарарсизлантиради, қаршилик кўрсатилган тақдирда эса уларни йўқ қилиш чораларини кўради;

Ўзбекистон Республикасининг алоҳида муҳим ва категорияланган объектларини, шунингдек Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида жойлашган давлат муассасаларини, ушбу муассасаларнинг ходимлари ҳамда уларнинг оила аъзоларини ҳимоя қилишни таъминлайди;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг, шунингдек чет эл давлатлари, ҳукуматлари бошлиқлари ва халқаро ташкилотлар раҳбарлари Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлган даврда мазкур давлат (ҳукумат) бошлиқлари ва халқаро ташкилот раҳбарларининг хавфсизлиги ҳамда қўриқланишини таъминлайди;

халқаро терроризмга қарши кураш соҳасида чет эл давлатларининг тегишли органлари ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик қилади;

террорчиликка қарши курашувчи бўлинмаларнинг террорчиларни, террорчилик гуруҳларини аниқлаш, зарарсизлантириш ва йўқ қилиш ҳамда террорчилик ташкилотларини тугатиш ишлари ташкил этилишини таъминлайди;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади. (ЎзР 30.04.2004 й. 621-II-сон Қонуни тахриридаги модда), (Олдинги тахририга қаранг)

10-модда. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг терроризмга қарши кураш соҳасидаги ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги:

террорчилик фаолиятининг олдини олиш, уни аниқлаш, унга чек қўйиш ҳамда унинг оқибатларини минималлаштириш йўли билан терроризмга қарши курашни амалга оширади;

алоҳида муҳим, категорияланган ва бошқа объектларнинг қўриқланишини ва хавфсизлигини таъминлайди;

давлат ҳокимияти ва бошқарувнинг тегишли органларига террорчилик фаолиятига алоқадор шахслар, гуруҳлар ва ташкилотлар тўғрисида ахборот тақдим этади;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.

ЎзР 30.04.2004 й. 621-II-сон Қонунига мувофиқ 11-модда чиқариб ташланган

11-модда. Ўзбекистон Республикаси Давлат чегараларини ҳимоя қилувчи қўмитанинг терроризмга қарши кураш соҳасидаги ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Давлат чегараларини ҳимоя қилувчи қўмита:

террорчиларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудига киришидан Давлат чегарасининг қўриқланиши ва ҳимоя қилинишини таъминлайди;

Ўзбекистон Республикаси Давлат чегараси орқали қурол, ўқ-дорилар, портловчи, радиоактив, биологик, шунингдек кимёвий ёки бошқа заҳарловчи моддаларнинг, террорчилик ҳаракатини содир этиш воситаси сифатида ишлатилиши мумкин бўлган предмет ёки материалларнинг ноқонуний олиб ўтилишини аниқлаш ва унга чек қўйиш чораларини кўради;

чегара олди минтақасида ва чегара олди зонасида террорчиларни зарарсизлантиради, қаршилик кўрсатилган тақдирда йўқ қилиш чораларини кўради;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.

12-модда. Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг терроризмга қарши кураш соҳасидаги ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси:

Ўзбекистон Республикаси Давлат чегараси орқали ўтказиш пунктларида гиёҳвандлик воситалари, психотроп ва портловчи моддалар, портлатиш қурилмалари, қурол-яроғлар, қуроллар ва ўқ-дорилар, ядровий, биологик, кимёвий ёки бошқа турдаги ялпи қирғин қуроллари, террорчилик ҳаракатларида ишлатилиши мумкин бўлган материаллар ва асбоб-ускуналарни ноқонуний олиб ўтишга уринишларнинг олдини олиш, аниқлаш ва уларга чек қўйиш чораларини кўради;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.

13-модда. Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг терроризмга қарши кураш соҳасидаги ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги:

Ўзбекистон Республикасининг ҳаво бўшлиғи хавфсизлигини, мамлакат маъмурий, саноат-иқтисодий марказлари ва ҳудудлари, муҳим ҳарбий ва бошқа объектларнинг ҳаводан бериладиган зарбадан ҳимоя қилиниши ва қўриқланишини таъминлайди;

ўз тасарруфидаги ҳарбий объектларнинг қўриқланиши ва мудофаа қилинишини амалга оширади;

террорчиликка қарши операцияларда иштирок этади;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.

14-модда. Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг терроризмга қарши кураш соҳасидаги ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги:

фавқулодда вазиятлардан аҳолини ҳимоя қилиш, террорчилар ҳаракат қилаётган зонада жойлашган алоҳида муҳим, категорияланган ва бошқа объектлар барқарор ишлашини, шунингдек террорчилик ҳаракатлари оқибатларини тугатиш юзасидан вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг фаолиятини мувофиқлаштиради ҳамда тадбирлар ўтказади;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.

III. ТЕРРОРЧИЛИККА ҚАРШИ ОПЕРАЦИЯНИНГ ЎТКАЗИЛИШИ

15-модда. Террорчилик ҳаракатига чек қўйиш

Террорчилик ҳаракатига чек қўйиш учун қонун ҳужжатларига мувофиқ зарур чоралар қўлланилади, шу жумладан террорчиликка қарши операциялар ўтказилади.

16-модда. Террорчиликка қарши операцияга раҳбарлик қилиш ва уни бошқариш

Террорчиликка қарши операцияга раҳбарлик қилиш ва уни бошқариш ҳар бир муайян ҳолатдатеррорчилик ҳаракати таҳдиди ва хавфининг кўламларини инобатга олган ҳолда белгиланади ҳамда мудофаа ва хавфсизликни таъминловчи тегишли тузилмалар зиммасига юкланади.

Терроризм таҳдидини зарарсизлантириш ва тугатиш учун жалб этиладиган тузилмалар ва бўлинмаларнинг саъй-ҳаракатларини мувофиқлаштириш бўйича заруратга қараб штаблар тузилади.

17-модда. Террорчилар билан музокаралар олиб бориш

Террорчилик ҳаракатининг хусусиятига қараб жисмоний шахслар ҳаёти ва соғлиғини, моддий бойликларни сақлаш, гаровда ушлаб турилган шахсларни озод этиш, шунингдек куч ишлатмасдан террорчилик ҳаракатига чек қўйиш имкониятини ўрганиш мақсадида террорчилар билан музокаралар ўтказилиши мумкин.

Террорчиликка қарши операция ўтказиш раҳбари томонидан махсус ваколат берилган шахслар террорчилар билан музокаралар олиб боришига рухсат этилади.

Террорчилар билан музокаралар олиб борилиши уларни содир этган жиноий қилмишлари учун жавобгарликдан озод этишнинг асоси ёки шарти бўлиб хизмат қилиши мумкин эмас.

Агар террорчилар билан музокаралар ўтказиш натижасида улар террорчилик ҳаракатини тўхтатишга рози эмаслиги сабабли музокаралардан кўзланган мақсадга эришиш мумкин бўлмаса ҳамда жисмоний шахслар ҳаёти ва соғлиғига аниқ таҳдид сақланиб турган бўлса, террорчиларни зарарсизлантириш ва йўқ қилиш юзасидан зарур чоралар кўрилади.

18-модда. Террорчиликка қарши операция ўтказиладиган зонанинг чегаралари

Террорчиликка қарши операция ўтказиладиган зонанинг чегаралари террорчиликка қарши операция ўтказиш раҳбарлари томонидан жойнинг хусусияти ва шароитларини, шунингдек террорчилик ҳаракатининг кўламлари ҳамда ижтимоий хавфлилик даражасини ҳисобга олган ҳолда белгиланади.

19-модда. Террорчиликка қарши операция ўтказаётган шахсларнинг операция ўтказиладиган зонадаги ҳуқуқлари

Террорчиликка қарши операция ўтказиладиган зонада мазкур операцияни ўтказаётган шахслар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

зарурат бўлганда транспорт воситалари ва йўловчиларнинг кўча ва йўлларда ҳаракатланишини вақтинчалик чеклаш ёки тақиқлаш, транспорт воситаларини, шу жумладан дипломатия ваколатхоналарининг, консуллик муассасаларининг ва фуқароларнинг транспорт воситаларини жойнинг айрим участкаларига ва объектларга киритмаслик, фуқароларни жойнинг айрим участкаларидан ва объектлардан чиқариб юбориш, шунингдек махсус рухсатномаси бўлмаган транспорт воситаларини шатакка олиб чиқариб ташлаш чораларини кўриш;

жисмоний шахсларнинг шахсни тасдиқловчи ҳужжатларини текшириш, бундай ҳужжатлар бўлмаган тақдирда эса уларнинг шахсини аниқлаш учун ушлаб туриш;

ҳуқуқбузарликлар содир этган ёки террорчиликка қарши операция ўтказувчи шахсларнинг қонуний талабларига тўсқинлик қилишга қаратилган, шунингдек террорчиликка қарши операция ўтказиладиган зонага рухсатсиз кириш ёки киришга уриниш билан боғлиқ ҳаракатлар содир этган шахсларни ушлаш ва тегишли органларга олиб бориш;

агар кечиктириш жисмоний шахслар ҳаёти ва соғлиғини, жамият ва давлат хавфсизлигини таҳдид остига қўйиши мумкин бўлса, террорчилик ҳаракатига чек қўйиш, уни содир этганликда гумон қилинаётган шахсларни таъқиб этиш учун корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар ҳудудига ҳамда хоналарига, турар жой ва бошқа жойларга, ер участкаларига, транспорт воситаларига сутканинг исталган вақтида монеликсиз кириш (ошиб тушиш);

террорчиликка қарши операция ўтказилаётган зонага кираётган (транспорт билан киришда) ҳамда мазкур зонадан чиқаётган (транспорт билан чиқишда) жисмоний шахсларни шахсан кўрикдан ўтказиш, улардаги ашёларни, транспорт воситаларини ҳамда бу воситаларда олиб ўтилаётган юкларни, шу жумладан назорат қилишнинг техник ва бошқа воситаларидан фойдаланган ҳолда кўрикдан ўтказиш;

жисмоний ёки юридик шахсларга тегишли бўлган алоқа воситаларидан, шу жумладан махсус алоқавоситаларидан, шунингдек транспорт воситаларидан (чет эл давлатлари дипломатия ваколатхоналари ҳамда бошқа муассасаларининг, халқаро ташкилотларнинг алоқа ва транспорт воситаларидан ташқари) террорчилик ҳаракатининг олдини олиш, террорчилик ҳаракатини содир этган ёки содир этишда гумон қилинаётган шахсларни таъқиб қилиш ва ушлаш, ҳодиса рўй берган жойга етиб бориш, тез тиббий ёрдамга муҳтож бўлган шахсларни даволаш муассасаларига олиб бориш учун хизмат мақсадларида фойдаланиш;

террорчиларга нисбатан қурол ва жанговар техниканинг мавжуд турларини ҳамда махсус воситаларини қўллаш.

20-модда. Оммавий ахборот воситалари билан ўзаро ҳамкорлик

Террорчиликка қарши операция ўтказилаётган зонада оммавий ахборот воситалари вакилларининг фаолияти жойлардаги террорчиликка қарши операция ўтказиш раҳбарлари билан ҳамкорликда амалга оширилади.

Қуйидаги ахборотлар тарқатилишига йўл қўйилмайди:

террорчиликка қарши операция ўтказишнинг махсус техникавий усулларини ҳамда тактикасини очиб берадиган;

террорчиликка қарши операция ўтказилишини қийинлаштириб қўядиган, жисмоний шахслар ҳаёти ва соғлиғига хавфни келтириб чиқарадиган;

террорчиликни тарғиб қилишга ёки оқлашга кўмаклашадиган;

террорчиликка қарши операция ўтказилаётганда бўлинмаларнинг ходимлари тўғрисидаги, шунингдек уни ўтказишга кўмаклашаётган шахслар тўғрисидаги.

21-модда. Террорчиликка қарши операциянинг тугатилиши

Террорчилик ҳаракатига чек қўйилган (тугатилган) ҳамда террорчиликка қарши операция ўтказиладиган зонадаги жисмоний шахслар ҳаёти ва соғлиғига бўлган хавф бартараф этилган тақдирда террорчиликка қарши операция тугалланган ҳисобланади.

IV. ТЕРРОРЧИЛИК ҲАРАКАТИ ОҚИБАТИДА ЕТКАЗИЛГАН ЗАРАРНИ ҚОПЛАШ ВА ЖАБРЛАНГАН ШАХСЛАРНИНГ ИЖТИМОИЙ РЕАБИЛИТАЦИЯСИ

22-модда. Террорчилик ҳаракати оқибатида етказилган зарарни қоплаш

Террорчилик ҳаракати оқибатида етказилган зарарни қоплаш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

23-модда. Террорчиликка қарши операция ўтказиш натижасида етказилган зарарни қоплаш

Террорчиликка қарши операция ўтказиш натижасида шахсга ёхуд жисмоний ёки юридик шахсларнинг мол-мулкига етказилган зарар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қопланади.

Шахсга унинг террорчилик ҳаракатидаги иштирокига чек қўйилиши муносабати билан етказилган зарар қопланмайди.

24-модда. Террорчилик ҳаракати оқибатида жабрланган шахсларнинг ижтимоий реабилитацияси

Террорчилик ҳаракати оқибатида жабрланган шахсларнинг ижтимоий реабилитацияси уларни нормал ҳаётий фаолиятга қайтариш мақсадида ўтказилади ҳамда мазкур шахсларга ҳуқуқий ёрдам беришдан, уларнинг руҳий, тиббий, касбий реабилитациясидан, уларни ишга жойлаштиришдан, зарур ҳолларда уларга обод турар жой ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ёрдам беришдан иборат бўлади.

Террорчилик ҳаракати оқибатида жабрланган шахсларнинг ижтимоий реабилитациясини амалга ошириш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

V. ТЕРРОРИЗМГА ҚАРШИ КУРАШДА ИШТИРОК ЭТАЁТГАН ШАХСЛАРНИНГ ҲУҚУҚИЙ ВА ИЖТИМОИЙ ҲИМОЯСИ

25-модда. Терроризмга қарши курашда иштирок этаётган, ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимояланиши зарур бўлган шахслар

Терроризмга қарши курашда иштирок этаётган шахслар давлат ҳимоясидадир.

Қуйидагилар ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимояланиши лозим:

терроризмга қарши курашда бевосита иштирок этаётган ҳарбий хизматчилар, давлат органларининг ходимлари ва мутахассислари;

террорчилик фаолиятининг олдини олишда, уни аниқлашда, унга чек қўйишда, уни тергов қилишда ҳамда унинг оқибатларини минималлаштиришда терроризмга қарши курашни амалга ошираётган давлат органларига доимий ёки вақтинча кўмаклашаётган шахслар;

ушбу қисмнинг иккинчи ва учинчи хатбошиларида кўрсатиб ўтилган шахсларнинг оила аъзолари, агар уларнинг ҳимояланишини таъминлаш зарурати мазкур шахсларнинг терроризмга қарши курашдаги иштирокига боғлиқ бўлса.

Терроризмга қарши курашда бевосита иштирок этаётган, терроризмга қарши курашга кўмаклашаётган шахсларга, шунингдек уларнинг оила аъзоларига, башарти уларнинг ҳаёти ва соғлиғига таҳдид юзага келган тақдирда, илтимосларига кўра уларнинг ташқи қиёфаси, фамилияси, исми ва отасининг исми, шунингдек иш ва яшаш жойлари терроризмга қарши кураш органлари таъминотига ажратиладиган маблағлар ҳисобидан ўзгартирилиши мумкин.

26-модда. Терроризмга қарши курашда иштирок этган

шахслар ҳаёти ва соғлиғига етказилган зарарни қоплаш

Терроризмга қарши курашда иштирок этган шахс террорчиликка қарши операция ўтказишда ҳалок бўлган тақдирда ҳалок бўлган шахснинг оила аъзоларига ҳамда унинг қарамоғидаги шахсларга қонун ҳужжатларига мувофиқ бир йўла бериладиган нафақа тўланади ҳамда боқувчисини йўқотганлик пенсияси тайинланади.

Терроризмга қарши курашда иштирок этган шахс террорчиликка қарши операция ўтказишда майиб бўлган ва бу унинг меҳнат лаёқатини йўқотишига ҳамда ногиронликка олиб келган тақдирда унга бир йўла бериладиган нафақа тўланади ҳамда қонун ҳужжатларига мувофиқ ногиронлик пенсияси тайинланади.

Терроризмга қарши курашда иштирок этган шахс террорчиликка қарши операция ўтказишда ярадор бўлган тақдирда бу унинг меҳнат лаёқатини йўқотишига олиб келмаса, унга қонун ҳужжатларига мувофиқ бир йўла бериладиган нафақа тўланади.

27-модда. Кўп йил ишлаганликни имтиёзли ҳисоблаш

Терроризмга қарши курашни бевосита амалга ошираётган бўлинмаларда хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчиларга ҳамда давлат органларининг ходимларига пенсия тайинлашда хизматнинг бир куни икки кунга, террорчиликка қарши операция ўтказишда иштирок этган даврда хизматнинг бир куни уч кунга ҳисобланади.

Террорчиликка қарши операция ўтказишда иштирок этишга жалб қилинган мутахассислар ва бошқа шахсларга пенсия тайинлашда мазкур операцияда иштирок этишнинг ҳар бир куни уч кунга ҳисобланади.

Кўп йил ишлаганликни имтиёзли ҳисоблаш тартиби қонун ҳужжатлари билан белгиланади.

VI. ТЕРРОРЧИЛИК ФАОЛИЯТИДА ИШТИРОК ЭТГАНЛИК ҲАМДА ТЕРРОРИЗМГА ҚАРШИ КУРАШ ТЎҒРИСИДАГИ ҚОНУН ҲУЖЖАТЛАРИНИ БУЗГАНЛИК УЧУН ЖАВОБГАРЛИК

28-модда. Террорчилик фаолиятида иштирок этганлик учун жавобгарлик

Террорчилик фаолиятида иштирок этаётган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўлади.

Шахс террорчилик фаолиятида иштирок этишдан ўз ихтиёри билан қайтган, бу ҳақда тегишли давлат органларига хабар берган ҳамда оғир оқибатлар юзага келишининг ва террорчилар мақсадлари амалга оширилишининг олдини олишга фаол кўмаклашган тақдирда, қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликдан озод этилиши мумкин.

29-модда. Террорчилик фаолияти учун  ташкилотнинг жавобгарлиги

Ташкилот суднинг қарори асосида террорчилик ташкилоти деб топилади ва тугатилади.

Террорчилик ташкилоти деб топилган ташкилот тугатилганда унга тегишли мол-мулк мусодара этилади ҳамда давлат мулкига ўтказилади.

Ўзбекистон Республикасидан ташқарида рўйхатга олинган халқаро ташкилот (унинг бўлинмаси, филиали, ваколатхонаси) Ўзбекистон Республикасининг суди томонидан террорчилик ташкилоти деб топилган тақдирда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида мазкур ташкилот (унинг бўлинмаси, филиали, ваколатхонаси) фаолияти тақиқланади ва бу ташкилот (унинг бўлинмаси, филиали, ваколатхонаси) тугатилади, унга (унинг бўлинмасига, филиалига, ваколатхонасига) тегишли, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлган мол-мулк мусодара этилади ва давлат мулкига ўтказилади.

30-модда. Етказилган зарар учун жавобгарликдан озод этиш

Террорчиликка қарши операцияда иштирок этаётган ҳарбий хизматчилар, мутахассислар ва бошқа шахслар бундай операция ўтказилаётганда мажбуран зарар етказганлик учун жавобгарликдан озод этилади.

31-модда. Терроризмга қарши кураш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик

Терроризмга қарши кураш тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бузилишида айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.

 

Ўзбекистон Республикасининг Президенти                 И.Каримов

 

Kalit so'zlar:
Maktabimiz faxrimiz
Gurlan tumanidagi 41-son U.O`.T. maktabi.

Ko'p o'qilgan

Декабрь 2024 (3)
Ноябрь 2024 (1)
Октябрь 2024 (4)
Июнь 2024 (1)
Октябрь 2023 (2)
Сентябрь 2023 (2)

So'rovnoma

Qaysi fanlarga ko'proq qiziqarli? [?]