gurlan41.uz

«Kuch bilim va tafakkurda.»
I. A. Karimov
» » Yozgi ta'til davrida huquqiy savodxonligimizni oshiraylik ! (№ ПФ-3434 )

Yozgi ta'til davrida huquqiy savodxonligimizni oshiraylik ! (№ ПФ-3434 )

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ ФАРМОНИ  

 25.05.2004 й.

 № ПФ-3434

 ЎЗБЕКИСТОН ХОТИН-ҚИЗЛАР ҚЎМИТАСИ

ФАОЛИЯТИНИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ БОРАСИДАГИ

ҚЎШИМЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА

 


Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг, республика хотин-қизлар жамоат ташкилотларининг аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг мамлакатимиз сиёсий-ижтимоий, социал-иқтисодий ва маданий ҳаётида тўлақонли иштирок этишини таъминлаш, хотин-қизлар ҳамда ёшларнинг маънавий ва интеллектуал савиясини юксалтириш борасида олиб бораётган ишларининг самарадорлигини ошириш мақсадида:

 

1. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳар, шаҳарлар ва туманлар ҳокимликлари, бошқа давлат тузилмалари хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини, оилада, жамият ва давлат қурилиши вазифаларини ҳал этишдаги ўрнини ошириш бўйича олиб борилаётган ишларни танқидий баҳолаб, уларни мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ўзгаришлар ва янгиланишлар ислоҳотларнинг мавқеи даражасига кўтариш чора-тадбирларини жорий этсин.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг, вилоятлар, Тошкент шаҳри, шаҳарлар ва туманлар ҳокимларининг ўринбосарлари - Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри, шаҳарлар ва туманларнинг тегишли хотин-қизлар қўмиталари раисларининг вазифаларни тақсимлаш бўйича улар зиммасига юклатиладиган ваколатлар доираси жиддий равишда қайта кўриб чиқилсин ва фаолиятига кенг йўл очиб берилсин.

 

2. Қуйидагилар Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ва уларнинг жойлардаги бўлинмалари фаолиятининг энг муҳим вазифалари ва йўналишлари деб ҳисоблансин:

хотин-қизларни ижтимоий-ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, хотин-қизларнинг касбий, жисмоний, маънавий ва интеллектуал жиҳатдан ўстириш, уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, давлат қурилишида фаол қатнашишлари соҳасидаги умуммиллий сиёсатни амалга ошириш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва уни ҳаётга татбиқ қилиш;

хотин-қизларнинг соғлиғини сақлаш, соғлом оилани шакллантириш, аёллар ва оила спортини ривожлантириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш бўйича чора-тадбирлар мажмуини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

хотин-қизларни иш билан таъминлаш масалаларини ҳал этиш, айниқса қишлоқ жойларида уларнинг меҳнат ва ўқиш шароитларини яхшилаш, аёлларни тадбиркорлик фаолиятига жалб этишга қаратилган дастурларни тайёрлаш ва амалга ошириш;

жойларда (оила, маҳаллалар, меҳнат жамоалари, таълим муассасаларида) миллий-диний анъаналарни тушунтириш ва уларга риоя қилиш, хотин-қизларнинг конституциявий ҳуқуқларини руёбга чиқариш ва ҳимоя қилиш, бузғунчи кучларнинг хотин-қизлар онгига таъсир ўтказиш, уларни экстремистик ва террористик фаолиятга жалб этиш йўлидаги уринишларига қарши қаратилган ишларни самарали ташкил қилиш;

хотин-қизларнинг нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштириш ва улар билан самарали ҳамкорликни таъминлаш, бу ташкилотларнинг саъй- ҳаракатларини жамиятни модернизациялаш ва демократии янгилаш жараёнларида, Ўзбекистонда жамият ва давлат қурилишида хотин-қизларнинг ролини кучайтириш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш борасидаги ишларга йўналтириш.

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасига, ўз олдида турган вазифаларни ҳисобга олган ҳолда, республика хотин-қизларининг жамоат ташкилоти сифатида, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг янги таҳрирдаги Низомини ишлаб чиқиш ва белгиланган тартибда тасдиқлаш тавсия этилсин.

 

3. Қуйидагилар:

Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитасининг ишчи аппарати бошкарув ходимларининг умумий чекланган сони 18 кишидан иборат бўлган тузилмаси 1-иловага мувофиқ;

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳри, шаҳарлар ва туманлар хотин-қизлар қўмиталарининг, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳри, шаҳарлар ва туманлар ҳокимликлари - тегишли хотин-қизлар қўмиталари раисларининг ишчи аппаратлари тузилмалари 2-4-иловаларга мувофиқ маъқуллансин.

 

4. Республика "Маҳалла" хайрия жамғармаси ва Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг 2004 йил 1 июлдан бошлаб фуқаролар йиғинлари кенгашлари аппаратининг тузилмасига тарбиячи-педагог лавозими ўрнига:

ҳудудида камида 500 оила яшайдиган маҳаллаларда;

таркибида маҳаллалар ташкил қилинмаган посёлка, қишлоқ ва овулларда диний маърифат ва маънавий-аҳлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчи лавозимлари жорий этиш тўғрисидаги таклифлари қўллаб-қувватлансин.

Диний маърифат ва маънавий-аҳлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиларнинг лавозим маошлари Ягона тариф сеткаси бўйича 5 (қишлоқ жойларда) ва 6 (шаҳарларда) разрядлари даражасида белгилансин.

Маҳаллалар аппарати тузилмасини қайта кўриб чиқиш ва янги штатлар жадвалига мувофиқ янги лавозимлар билан тўлдириш борасидаги масъулият шахсан туман (шаҳар) ҳокимлари ҳамда маҳалла, посёлка, қишлоқ ва овул фуқаролар йиғини кенгашларининг раислари зиммасига юклатилсин.

 

5. Туман (шаҳар) ҳокимликлари:

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан биргаликда диний маърифат ва маънавий-аҳлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчи лавозимларига ҳаёт тажрибасига эга бўлган, аҳолига, биринчи навбатда ёшларга соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, ибратли миллий-диний анъаналар ҳамда урф-одатларни сақлаб қолиш ва ривожлантириш масалаларида ижобий таъсир ўтказа оладиган энг обрўли ва фаол хотин-қизларни тайинласинлар;

қилинган ишларнинг натижалари тўғрисида 2004 йилнинг 1 декабрига қадар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига ахборот тақдим этсинлар.

 

6. Хотин-қизларнинг нодавлат нотижорат ташкилотларини тузиш ҳамда уларнинг ишини ташкил қилиш борасидаги фаолиятни тартибга солиш мақсадида Адлия вазирлиги (А. Полвонзода) Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, унинг жойлардаги бўлинмалари билан биргаликда 2004 йилнинг 1 ноябрига қадар "Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ хотин-қизларнинг республика ва минтақавий нодавлат нотижорат ташкилотларини рўйхатга олиш ҳамда қайта рўйхатга олиш бўйича зарур кўмак ва ёрдам берилишини таъминласин.

 

7. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги (М. Нурмуродов) 2004 йилнинг 1 июлидан бошлаб:

ушбу Фармонга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳри, шаҳарлар ва туманлар ҳокимлари ўринбосарлари - тегишли хотин-қизлар қўмиталари раисларининг ишчи аппаратларига қўшимча равишда киритилаётган лавозимларни;

тарбиячи-педагог лавозимларини тугатиш натижасида бўшайдиган маблағлар ҳисобига фуқаролар йиғинлари кенгашларининг аппаратларидаги диний маърифат ва маънавий-аҳлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчи лавозимларини таъминлашга давлат бюджетидан зарур маблағ ажратилишини кўзда тутсин.

 

8. Ўзтелерадиокомпания (А. Кўчимов), Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги (Р. Шоғуломов), ЎзА (М. Ҳазратқулов)га Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси билан биргаликда хотин-қизлар жамоат ташкилотларининг мамлакат ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий ва маданий ҳаётида тўлақонли иштирок этишларини таъминлашга қаратилган фаолиятини кенг ёритиш тавсия этилсин.

 

9. Тошкент шаҳар ҳокимлиги (Р. Шоабдураҳмонов) икки ой муддатда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси аппаратини жойлаштириш учун бино ажратсин.

 

10. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги (А. Полвонзода) Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, бошқа тегишли вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонунчиликка ушбу Фармондан келиб чиққан ҳолда киритиладиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисидаги таклифларни Вазирлар Маҳкамасига тақдим этсин.

 

11. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1995 йил 2 мартдаги "Ўзбекистон Республикасининг давлат ва ижтимоий қурилишида хотин-қизлар ролини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармонининг 3-банди ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

 

12. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосарлари С. Иномова ва Р. Азимов зиммасига юклатилсин.

 

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти                                                   И. Каримов

 

Kalit so'zlar:
Maktabimiz faxrimiz
Gurlan tumanidagi 41-son U.O`.T. maktabi.

Ko'p o'qilgan

Декабрь 2024 (3)
Ноябрь 2024 (1)
Октябрь 2024 (4)
Июнь 2024 (1)
Октябрь 2023 (2)
Сентябрь 2023 (2)

So'rovnoma

Qaysi fanlarga ko'proq qiziqarli? [?]