ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ҚОНУНИ
21.12.1995 й. N 167-I
ДАВЛАТ ТИЛИ ҲАҚИДА
(янги таҳрирда)
Мазкур Қонунга ЎзР 03.12.2004 й. 714-II-сон Қонунига мувофиқ ўзгартиришлар киритилган
1-модда. Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тилидир.
2-модда. Ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилиши республика ҳудудида яшовчи миллат ва элатларнинг ўз она тилини қўллашдан иборат конституциявий ҳуқуқларига монелик қилмайди.
3-модда. Ўзбек тилининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида давлат тили сифатида амал қилишининг ҳуқуқий асослари ушбу Қонун ва бошқа қонунлар билан белгилаб берилади.
Тилнинг Қорақалпогистон Республикасида амал қилишига боглиқ масалалар шунингдек Қорақалпогистон Республикасининг қонун ҳужжатлари билан белгиланади.
Ушбу Қонун тилларнинг турмушда, шахслараро муомалада ҳамда диний ва ибодат билан боглиқ удумларни адо этишда қўлланишини тартибга солмайди.
Фуқаролар миллатлараро муомала тилини ўз хоҳишларига кўра танлаш ҳуқуқига эгадирлар.
4-модда. Ўзбекистон Республикасида давлат тилини ўрганиш учун барча фуқароларга шарт-шароит ҳамда унинг ҳудудида яшовчи миллатлар ва элатларнинг тилларига иззат-ҳурмат билан муносабатда бўлиш таъминланади, бу тилларни ривожлантириш учун шарт-шароит яратилади.
Фуқароларга давлат тилини ўқитиш бепул амалга оширилади.
5-модда. Ўзбекистон Республикасида давлат тилида фаолият кўрсатадиган, миллий гуруҳлар зич яшайдиган жойларда эса - уларнинг тилларида фаолият кўрсатадиган мактабгача тарбия болалар муассасаларини ташкил этиш таъминланади.
6-модда. Ўзбекистон Республикасида яшовчи шахсларга таълим олиш тилини эркин танлаш ҳуқуқи берилади.
Ўзбекистон Республикаси давлат тилида, шунингдек бошқа тилларда ҳам умумий, ҳунар-техника, ўрта махсус ва олий маълумот олишни таъминлайди.
7-модда. Давлат тили расмий амал қиладиган доираларда ўзбек адабий тилининг амалдаги илмий қоидалари ва нормаларига риоя этилади.
Давлат ўзбек тилининг бойитилиши ва такомиллаштирилишини таъминлайди, шу жумладан унга ҳамма эътироф қилган илмий-техникавий ва ижтимоий-сиёсий атамаларни жорий этиш ҳисобига таъминлайди.
Янги илмий асосланган атамалар жамоатчилик муҳокамасидан кейин ва Олий Мажлис палаталари тегишли қўмиталарининг розилиги билан ўзбек тилига жорий этилади. (ЎзР 03.12.2004 й. 714-II-сон Қонуни тахриридаги қисм)
8-модда. Ўзбекистон Республикасининг қонунлари, давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг бошқа ҳужжатлари давлат тилида қабул қилинади ва эълон этилади. Бу ҳужжатларнинг таржималари бошқа тилларда ҳам эълон қилинади.
Маҳаллий ҳокимият ва бошқарув органларининг ҳужжатлари давлат тилида қабул қилинади ва эълон этилади. Муайян миллат вакиллари зич яшайдиган жойларда маҳаллий ҳокимият ва бошқарув органларининг ҳужжатлари республика давлат тилида ҳамда мазкур миллат тилида қабул қилинади ва эълон этилади.
ЎзР Олий Мажлисининг 21.12.1995 й 167-I-сон Қарорига мувофиқ 9 ва 10 моддалар 01.09.2005 йилдан амалга киритилади.
9-модда. Давлат ҳокимияти ва бошқарув органларида иш давлат тилида юритилади ва заруриятга қараб бошқа тилларга таржима қилиниши таъминланади.
Ўзбекистонда ўтказиладиган халқаро анжуманларда давлат тили, шунингдек қатнашчиларнинг ўзлари танлаган тиллар анжуманнинг иш тили ҳисобланади.
10-модда. Корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва жамоат бирлашмаларида иш юритиш, ҳисоб-китоб, статистика ва молия ҳужжатлари давлат тилида юритилади, ишловчиларининг кўпчилиги ўзбек тилини билмайдиган жамоаларда давлат тили билан бир қаторда бошқа тилларда ҳам амалга оширилиши мумкин.
11-модда. Судлов ишларини юритиш давлат тилида ёки ўша жойдаги кўпчилик аҳоли тилида олиб борилади. Ишда иштирок этаётган, суд ишлари юритилаётган тилни билмайдиган шахсларга таржимон орқали ишга оид материаллар билан танишиш, суд жараёнида иштирок этиш ҳуқуқи ҳамда судда она тилида сўзлаш ҳуқуқи таъминланади.
Корхоналар, ташкилотлар ва муассасалар ўртасидаги хўжалик низоларини кўриб чиқиш ва ҳал қилишда давлат тили қўлланилади. Хўжалик низолари тарафларнинг розилиги билан бошқа тилда ҳам кўриб чиқилиши мумкин.
12-модда. Ўзбекистон Республикасида нотариал ҳаракатлар давлат тилида амалга оширилади. Фуқароларнинг талабига кўра расмийлаштирилган ҳужжат матни давлат нотариуси ёки нотариал ҳаракатни бажараётган шахс томонидан рус тилида ёки имконият бўлган тақдирда - бошқа мақбул тилда берилади.
13-модда. Фуқаролик ҳолатини қайд этувчи ҳужжатлар, шахснинг ким эканлигини ва унинг ҳуқуқларини тасдиқловчи ҳужжатлар давлат тилида расмийлаштирилади, заруриятга қараб бошқа тилда таржимаси такрорланиши мумкин.
14-модда. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида яшовчи шахсларга давлат ташкилотлари ва муассасаларига, жамоат бирлашмаларига аризалар, таклифлар, шикоятлар билан давлат тилида ва бошқа тилларда мурожаат қилиш ҳуқуқи таъминланади.
15-модда. Ўзбекистон Республикасида яшовчи шахслар, ўз миллатидан қатъи назар, ўз исмини, ота исми ва фамилиясини миллий-тарихий анъаналарга мувофиқ ёзиш ҳуқуқига эгадирлар.
16-модда. Телевидение ва радио эшиттиришлари давлат тилида, шунингдек бошқа тилларда олиб борилади.
17-модда. Ноширлик фаолияти давлат тилида, эҳтиёжларни ҳисобга олган ҳолда эса, бошқа тилларда ҳам амалга оширилади.
18-модда. Почта-телеграф жўнатмалари давлат тилида ёки фуқароларнинг хоҳишига кўра - бошқа тилда амалга оширилади.
19-модда. Муассасалар, ташкилотлар ва жамоат бирлашмалари муҳрлари, тамгалари, иш қогозларининг матнлари давлат тилида бўлади.
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган халқаро ташкилотлар ва муассасалар, қўшма корхоналарнинг, шунингдек миллий маданият жамиятлари ва марказларининг муҳрлари, тамгалари, иш қогозлари матнларининг таржимаси давлат тилида такрорланади.
20-модда. Лавҳалар, эълонлар, нархномалар ва бошқа кўргазмали ҳамда огзаки ахборот матнлари давлат тилида расмийлаштирилади ва эълон қилинади ҳамда бошқа тилларда таржимаси берилиши мумкин.
21-модда. Корхоналарда ишлаб чиқариладиган маҳсулот давлат тилидаги ва бошқа тиллардаги ёрлиқлар, йўриқномалар, этикеткалар билан таъминланади.
22-модда. Республиканинг маъмурий-ҳудудий бирликлари, майдонлари, кўчалари ва географик объектларининг номлари давлат тилида акс эттирилади.
23-модда. Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаси матнлари, агар шартноманинг ўзида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, давлат тилида ва аҳдлашувчи томоннинг (томонларнинг) тилида ёзилади.
24-модда. Ўзбекистон Республикасида давлат тилига ёки бошқа тилларга менсимай ёки хусумат билан қараш тақиқланади. Фуқароларнинг ўзаро муомала, тарбия ва таълим олиш тилини эркин танлаш ҳуқуқини амалга оширишга тўсқинлик қилувчи шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўладилар.