gurlan41.uz

«Kuch bilim va tafakkurda.»
I. A. Karimov
» » Yozgi ta'til davrida huquqiy savodxonligimizni oshiraylik ! (O`zbekiston Respublikasining qonuni:"Voyaga yetmaganlar o`rtasida nazoratsizlik va huquqbuzarliklarning profilaktikasi to`g`risida ")

Yozgi ta'til davrida huquqiy savodxonligimizni oshiraylik ! (O`zbekiston Respublikasining qonuni:"Voyaga yetmaganlar o`rtasida nazoratsizlik va huquqbuzarliklarning profilaktikasi to`g`risida ")

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ҚОНУНИ

29.09.2010 й.     № ЎРҚ-263

 ВОЯГА ЕТМАГАНЛАР ЎРТАСИДА НАЗОРАТСИЗЛИК ВА ҲУҚУҚБУЗАРЛИКЛАРНИНГ ПРОФИЛАКТИКАСИ ТЎҒРИСИДА

 Қонунчилик палатаси томонидан 2010 йил 12 августда қабул қилинган

Сенат томонидан 2010 йил 28 августда маъқулланган

 

1-боб. Умумий қоидалар (1-7-моддалар)

2-боб. Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикасини амалга оширувчи органлар ҳамда муассасалар ва уларнинг

ваколатлари (8-19-моддалар)

3-боб. Якка тартибдаги профилактика ишини ташкил этиш (20-24-моддалар)

4-боб. Вояга етмаганни ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига жойлаштириш тартиби (25-27-моддалар)

5-боб. Вояга етмаганни ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасасига жойлаштириш тартиби (28-31-моддалар)

6-боб. Якунловчи қоидалар (32-36-моддалар)

 

1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

 


 1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади

2-модда. Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисидаги қонун ҳужжатлари

3-модда. Асосий тушунчалар

4-модда. Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикасига доир фаолиятнинг асосий вазифалари

5-модда. Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикасига доир фаолиятнинг асосий принциплари

6-модда. Вояга етмаганлар   ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикасига доир фаолиятни ахборот билан таъминлаш

7-модда. Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикасида ота-она ёки ота-она ўрнини босувчи шахсларнинг иштироки

 

1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади

Ушбу Қонуннинг мақсади вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

 2-модда. Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисидаги қонун ҳужжатлари

 Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ҳамда бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.

 3-модда. Асосий тушунчалар

 Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

 вояга етмаган - ўн саккиз ёшга тўлмаган шахс;

 вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси - вояга етмаганларнинг назоратсизлиги, қаровсизлигига, улар томонидан ҳуқуқбузарликлар ёки бошқа ғайриижтимоий хатти-ҳаракатлар содир этилишига имкон берадиган сабаблар ва шарт-шароитларни аниқлаш ҳамда бартараф этишга қаратилган, якка тартибдаги профилактика иши билан биргаликда амалга ошириладиган ижтимоий, ҳуқуқий, тиббий ва бошқа чора-тадбирлар тизими;

 ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволда бўлган вояга етмаган - вояга етмаганнинг назоратсизлиги ёки қаровсизлиги оқибатида унинг ҳаёти ёки соғлиғи учун хавф туғдирадиган ёхуд уни таъминлаш, тарбиялаш ва унга таълим бериш талабларига жавоб бермайдиган шароитда бўлган ёхуд ҳуқуқбузарлик ёки бошқа ғайриижтимоий хатти-ҳаракатлар содир этаётган вояга етмаган;

 ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволда бўлган оила - ота-она ёки ота-она ўрнини босувчи шахслар вояга етмаганларни таъминлаш, тарбиялаш ва уларга таълим бериш бўйича ўз мажбуриятларини бажаришдан бўйин товлаётган ёки лозим даражада бажармаётган ёхуд уларнинг хулқ-атворига салбий таъсир кўрсатаётган ёки улар билан шафқатсиз муомалада бўлаётган оила;

 назоратсиз - ота-она ёки ота-она ўрнини босувчи шахслар томонидан вояга етмаганни таъминлаш, тарбиялаш ва унга таълим бериш бўйича ўз мажбуриятларини бажаришдан бўйин товлаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик оқибатида хулқ-атвори назоратсиз қолган вояга етмаган;

 якка тартибдаги профилактика иши - ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволда бўлган вояга етмаганлар ва оилаларни ўз вақтида аниқлаш, шунингдек уларни ижтимоий-педагогик реабилитация қилиш ҳамда вояга етмаганларнинг ҳуқуқбузарликлар ёки бошқа ғайриижтимоий хатти-ҳаракатлар содир этишининг олдини олишга доир фаолият;

 қаровсиз - аниқ яшаш жойи бўлмаган назоратсиз қолган вояга етмаган;

 ғайриижтимоий хатти-ҳаракатлар - вояга етмаганнинг мунтазам равишда спиртли ичимликлар, гиёҳвандлик воситалари, психотроп ёки ақл-ирода фаолиятига таъсир этувчи бошқа моддаларни истеъмол қилишида, фоҳишалик, тиланчилик билан шуғулланишида ифодаланадиган хатти-ҳаракатлари, шунингдек ўзга фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини бузадиган бошқа хатти-ҳаракатлари.

 4-модда. Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикасига доир фаолиятнинг асосий вазифалари

 Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикасига доир фаолиятнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

вояга етмаганлар назоратсизлиги, қаровсизлиги, улар томонидан ҳуқуқбузарликлар ёки бошқа ғайриижтимоий хатти-ҳаракатлар содир этилишининг олдини олиш, уларга имкон берадиган сабаблар ва шарт-шароитларни аниқлаш ҳамда бартараф этиш;

вояга етмаганларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш;

вояга етмаганларда қонунга итоаткорлик хулқ-атворини шакллантириш;

ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволда бўлган вояга етмаганлар ва оилаларни ижтимоий-педагогик реабилитация қилиш;

вояга етмаганларни ҳуқуқбузарликлар ёки бошқа ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларни содир қилишга жалб этиш ҳолларини аниқлаш ва уларга барҳам бериш.

 5-модда. Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикасига доир фаолиятнинг асосий принциплари

 Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикасига доир фаолиятнинг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:

қонунийлик;

инсонпарварлик;

тизимлилик;

оилани қўллаб-қувватлаш ва у билан ўзаро ҳамкорлик қилиш;

ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволда бўлган вояга етмаганларнинг тарбиясига якка тартибда ёндашиш.

 6-модда. Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик  ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикасига доир фаолиятни ахборот билан таъминлаш

 Давлат органлари ва бошқа ташкилотлар, шунингдек фуқаролар:

прокуратура органларини - вояга етмаганларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги тўғрисида;

вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссияларни - вояга етмаганларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги тўғрисида, шунингдек вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикасини амалга оширувчи органлар ҳамда муассасалар фаолиятида йўл қўйилган камчиликлар тўғрисида;

васийлик ва ҳомийлик органларини - етим болалар, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган ёхуд ҳаёти ёки соғлиғига хавф туғдирадиган ёхуд таъминлаш, тарбиялаш ва таълим бериш талабларига жавоб бермайдиган шароитда бўлган болалар тўғрисида;

меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш органларини - ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволда бўлган ҳамда давлатнинг ижтимоий ёрдамига муҳтож бўлган вояга етмаганлар ва оилалар аниқланганлиги тўғрисида;

ички ишлар органларини - ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволда бўлган вояга етмаганлар ва оилалар, ҳуқуқбузарликлар ёки бошқа ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларни содир этган вояга етмаганлар тўғрисида, шунингдек вояга етмаганларни ҳуқуқбузарликлар ёки бошқа ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларни содир этишга жалб қилаётган ёхуд уларга нисбатан бошқа ғайриҳуқуқий қилмишлар содир этаётган ота-оналар ва ўзга шахслар ҳақида;

соғлиқни сақлашни бошқариш органлари ва соғлиқни сақлаш муассасаларини - мунтазам равишда спиртли ичимликлар, гиёҳвандлик воситалари, психотроп ёки ақл-ирода фаолиятига таъсир этувчи бошқа моддаларни истеъмол қилиши оқибатида тиббий текширувга, кузатувга ёки даволанишга муҳтож бўлган вояга етмаганлар тўғрисида;

таълимни бошқариш органлари ва таълим муассасаларини - ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларини ёки бошқа болалар муассасаларини ўзбошимчалик билан тарк этган ёхуд таълим муассасаларидаги машғулотларга узрли сабабларсиз келмаётган ёки мунтазам равишда қатнашмаётган ҳамда давлатнинг ижтимоий ёрдамига муҳтож бўлган вояга етмаганлар тўғрисида зудлик билан хабардор қилади.

 7-модда. Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик  ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикасида ота-она  ёки ота-она ўрнини босувчи шахсларнинг иштироки

 Ота-она ёки ота-она ўрнини босувчи шахслар болаларини таъминлаш, тарбиялаш ва уларга таълим бериш бўйича мажбуриятларини бажара бориб, уларнинг хавфсизлигини, ҳаёти ва соғлиғи муҳофаза қилинишини, назоратсизлиги ва ҳуқуқбузарликларининг профилактикасини таъминлаш мақсадида:

таълим муассасаларида ўқиётган вояга етмаганларнинг ўқиш вақтида ресторанлар, кафелар, барлар, клублар, дискотекалар, кинотеатрлар, компьютер заллари, Интернет тармоғидан фойдаланиш хизматларини кўрсатиш учун жиҳозланган хоналарда ёхуд бошқа кўнгилочар (дам олиш) жойларда бўлишига йўл қўймаслик, бундан мазкур муассасаларда таълим фаолияти ёки таълим муассасаси томонидан ўтказиладиган тадбир доирасида бўлиши мустасно;

вояга етмаганларнинг спиртли ичимликлар, гиёҳвандлик воситалари, психотроп ёки ақл-ирода фаолиятига таъсир этувчи бошқа моддаларни истеъмол қилишига, чекишига йўл қўймаслик;

вояга етмаганларнинг ҳуқуқбузарликлар ёки бошқа ғайриижтимоий хатти-ҳаракатлар содир этишига йўл қўймаслик чора-тадбирларини кўради.

Ота-она ёки ота-она ўрнини босувчи шахслар вояга етмаганларнинг ресторанлар, кафелар, барлар, клублар, дискотекалар, кинотеатрлар, компьютер заллари, Интернет тармоғидан фойдаланиш хизматларини кўрсатиш учун жиҳозланган хоналарда ёхуд бошқа кўнгилочар (дам олиш) жойларда тунги вақтда улардан бирининг кузатувисиз бўлишига йўл қўймаслик чора-тадбирларини кўради.

 

2-БОБ. ВОЯГА ЕТМАГАНЛАР ЎРТАСИДА НАЗОРАТСИЗЛИК ВА ҲУҚУҚБУЗАРЛИКЛАРНИНГ ПРОФИЛАКТИКАСИНИ АМАЛГА ОШИРУВЧИ ОРГАНЛАР ҲАМДА МУАССАСАЛАР ВА УЛАРНИНГ ВАКОЛАТЛАРИ

 

8-модда. Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикасини амалга оширувчи органлар ҳамда муассасалар тизими

9-модда. Вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссиялар

10-модда. Ички ишлар органлари

11-модда. Ички ишлар органларининг вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси бўлинмалари

12-модда. Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказлари

13-модда. Таълимни бошқариш органлари ва таълим муассасалари

14-модда. Ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасалари

15-модда. Васийлик ва ҳомийлик органлари

16-модда. Соғлиқни сақлашни бошқариш органлари ва соғлиқни сақлаш муассасалари

17-модда. Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш органлари

18-модда. Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикасида маданият ва спорт муассасалари, туризм соҳасидаги ташкилотларнинг ҳамда оммавий ахборот воситаларининг иштироки

19-модда. Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикасида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларнинг иштироки

 

8-модда. Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикасини амалга оширувчи органлар ҳамда муассасалар тизими

 Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикасини амалга оширувчи органлар ҳамда муассасалар тизимига қуйидагилар киради:

вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссиялар;

ички ишлар органлари;

таълимни бошқариш органлари ва таълим муассасалари;

васийлик ва ҳомийлик органлари;

соғлиқни сақлашни бошқариш органлари ва соғлиқни сақлаш муассасалари;

меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш органлари.

Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилмаган органлар ҳамда муассасалар вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикасида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда иштирок этади.

 9-модда. Вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссиялар

 Вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссиялар ўз ваколатлари доирасида:

вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси, уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлашга доир чора-тадбирларни амалга оширади;

вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик, ҳуқуқбузарликлар ва бошқа ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларнинг профилактикаси, уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш бўйича комплекс тадбирларни ишлаб чиқади, шунингдек ушбу тадбирларнинг рўёбга чиқарилиши устидан назоратни амалга оширади;

вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва хуқуқбузарликларнинг профилактикасини амалга оширувчи органлар ҳамда муассасаларнинг фаолиятини мувофиқлаштириб боради;

вояга етмаганларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш соҳасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда иштирок этади;

вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикасини амалга оширувчи органлар ҳамда муассасаларнинг ижобий иш тажрибаларини умумлаштиради ва оммалаштиради, уларга ташкилий-услубий ёрдам кўрсатади;

вояга етмаганлар, педагогик жамоалар ва жамоатчилик ўртасида ҳуқуқий тарғиботни олиб боради;

вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикасини амалга оширувчи органлар ҳамда муассасаларда вояга етмаганларни сақлаш, тарбиялаш ва уларга таълим бериш шароитларини назорат қилади;

вояга етмаганларни ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларига жойлаштириш тўғрисидаги илтимоснома билан, шунингдек қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа масалалар бўйича судга мурожаат қилади;

таълим муассасаларининг вояга етмаганларни мазкур муассасалардан чиқариш тўғрисидаги илтимосномаларини кўриб чиқади;

вояга етмаганларнинг, уларнинг ота-онаси ёки ота-она ўрнини босувчи шахсларнинг, шунингдек бошқа шахсларнинг вояга етмаганларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилиши билан боғлиқ шикоятлари ва аризаларини кўриб чиқади;

жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган ёки ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларидан қайтиб келган вояга етмаганларга ишга жойлашиш ва турмушини йўлга қўйишда ёрдам кўрсатади, давлатнинг ижтимоий ёрдамига муҳтож бўлган вояга етмаганларни жойлаштириш шаклларини белгилашда кўмаклашади;

ҳуқуқбузарликлар ёки бошқа ғайриижтимоий хатти-ҳаракатлар содир этган вояга етмаганларни қайта тарбиялашда ота-онага ёки ота-она ўрнини босувчи шахсларга ёрдам бериш учун зарур тайёргарликка, ҳаётий тажрибага ёки болалар билан ишлаш тажрибасига эга бўлган фуқароларни уларнинг розилиги билан жалб қилади;

ўз мажлисларига мансабдор шахслар, мутахассислар ва бошқа шахсларни кўрилаётган масалалар юзасидан ахборот ҳамда тушунтиришлар олиш учун таклиф қилади;

вояга етмаганларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилишини бартараф этиш, тарбия-профилактика фаолиятини яхшилаш мақсадида давлат органлари ва бошқа ташкилотларга тақдимномалар киритади;

вояга етмаганларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги ҳоллари тўғрисида прокуратура органларига хабарлар юборади;

давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг мансабдор шахслари вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссияларнинг қарорларини бажармаган, шунингдек вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссияларнинг вояга етмаганларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилишини бартараф этишга доир тақдимномаларида кўрсатилган чораларни кўрмаган ҳолларда, уларни жавобгарликка тортиш тўғрисида тегишли давлат органлари ва бошқа ташкилотларга таклифлар киритади;

вояга етмаганлар, уларнинг ота-онаси ёки ота-она ўрнини босувчи шахсларга нисбатан таъсир чораларини белгиланган тартибда қўллайди.

Вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссиялар қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

Вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссияларнинг ташкил этилиши ва фаолият кўрсатиши тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

 10-модда. Ички ишлар органлари

 Ички ишлар органлари вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикасини ўз ваколатлари доирасида амалга оширади.

Ички ишлар органларининг вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикасини амалга оширувчи махсус бўлинмалари вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси бўлинмаларидан ҳамда вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказларидан (бундан буён матнда ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш маркази деб юритилади) иборатдир. Ички ишлар органларининг бошқа бўлинмалари вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикасида ўз ваколатлари доирасида иштирок этади ҳамда зарур ёрдам кўрсатади.

 11-модда. Ички ишлар органларининг вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси бўлинмалари

  Ички ишлар органларининг вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси бўлинмалари ўз ваколатлари доирасида:

якка тартибдаги профилактика ишини олиб боради;

қидирув эълон қилинган вояга етмаганларни, шунингдек ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволда бўлган вояга етмаганларни аниқлашга доир чора-тадбирларни амалга оширади ҳамда белгиланган тартибда уларни вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикасини амалга оширувчи тегишли органларга ёки муассасаларга юборади;

вояга етмаганларни ҳуқуқбузарликлар ёки бошқа ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларни содир этишга жалб қилаётган ёхуд вояга етмаганларга нисбатан бошқа ғайриҳуқуқий қилмишлар содир этаётган шахсларни, шунингдек вояга етмаганларни таъминлаш, тарбиялаш ва уларга таълим бериш бўйича ўз мажбуриятларини бажаришдан бўйин товлаётган ёки лозим даражада бажармаётган ёхуд вояга етмаганларнинг хулқ-атворига салбий таъсир кўрсатаётган ёки улар билан шафқатсиз муомалада бўлаётган ота-оналарни ёки ота-она ўрнини босувчи шахсларни аниқлайди ҳамда уларга нисбатан қонун ҳужжатларида назарда тутилган таъсир чораларини қўллаш тўғрисида тегишли давлат органлари ва бошқа ташкилотларга таклифлар киритади;

вояга етмаганларнинг, уларнинг ота-онаси ёки ота-она ўрнини босувчи шахсларнинг, шунингдек бошқа шахсларнинг вояга етмаганларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилиши билан боғлиқ шикоятлари ва аризаларини кўриб чиқади;

ҳуқуқбузарликлар ёки бошқа ғайриижтимоий хатти-ҳаракатлар содир этган вояга етмаганларга нисбатан қонун ҳужжатларида назарда тутилган таъсир чораларини қўллаш тўғрисида вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикасини амалга оширувчи тегишли органлар ва муассасаларга таклифлар киритади;

вояга етмаганларни ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказларига ёки ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларига белгиланган тартибда жойлаштириш учун уларга тааллуқли ҳужжатларни тайёрлайди;

вояга етмаганларнинг назоратсизлиги, қаровсизлиги, ҳуқуқбузарликлари ёки бошқа ғайриижтимоий хатти-ҳаракатлари фактлари, шунингдек уларга имкон бераётган сабаблар ва шарт-шароитлар тўғрисида тегишли давлат органлари ҳамда бошқа ташкилотларни хабардор қилади;

ҳуқуқбузарликлар ёки бошқа ғайриижтимоий хатти-ҳаракатлар содир этган вояга етмаганларни, шунингдек назоратсиз ва қаровсиз қолган вояга етмаганларни қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда ва тартибда ички ишлар органларига олиб боради, бу ҳақда зудлик билан баённома тузади ҳамда вояга етмаганлар келтирилганлиги ҳақида уларнинг ота-онасини ёки ота-она ўрнини босувчи шахсларни хабардор қилади;

вояга етмаганларнинг яшаш, ўқиш (иш) жойидаги таълим, маданий-кўнгилочар, спорт-соғломлаштириш муассасаларида, бошқа ташкилотларда, тўгараклар ва клубларда вояга етмаганлар билан олиб борилаётган тарбиявий ишларнинг аҳволини ўрганади;

вояга етмаганларнинг ҳуқуқбузарликлар ёки бошқа ғайриижтимоий хатти-ҳаракатлар содир этишига имкон бераётган сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф қилиш тўғрисида тегишли давлат органларига ҳамда бошқа ташкилотларга таклифлар киритади;

вояга етмаганларнинг ҳуқуқбузарликлари ёки бошқа ғайриижтимоий хатти-ҳаракатлари тўғрисидаги материалларнинг тегишли органлар ва муассасалар томонидан кўриб чиқилишида иштирок этади;

вояга етмаганлар томонидан содир этилган ҳуқуқбузарликлар ва бошқа ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларнинг, вояга етмаганларни таъминлаш, тарбиялаш ва уларга таълим бериш бўйича ўз мажбуриятларини бажаришдан бўйин товлаётган ёки лозим даражада бажармаётган ёхуд уларнинг хулқ-атворига салбий таъсир кўрсатаётган ёки улар билан шафқатсиз муомалада бўлаётган ота-оналар ёки ота-она ўрнини босувчи шахсларнинг ҳисобини юритади, шунингдек статистика ҳисоботини тузиш учун зарур бўлган ахборотни йиғади ва умумлаштиради;

етим болалар ҳамда ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни жойлаштиришда васийлик ва ҳомийлик органларига кўмаклашади.

Ички ишлар органларининг вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси бўлинмалари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

 12-модда. Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий  ёрдам кўрсатиш марказлари

Ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказлари ўз ваколатлари доирасида:

уч ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган вояга етмаганларнинг шахсини аниқлаш, ҳаёти, соғлиғини муҳофаза қилиш ёки улар томонидан такроран ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг олдини олиш мақсадида уларни кеча-кундуз қабул қилишни ҳамда вақтинча сақлашни таъминлайди;

олиб келинган вояга етмаганлар билан якка тартибдаги профилактика ишини олиб боради, вояга етмаганларнинг назоратсизлиги, қаровсизлигига, ҳуқуқбузарликлар ёки бошқа ғайриижтимоий хатти-ҳаракатлар содир этишига имкон берадиган сабаблар ва шарт-шароитларни аниқлайди ҳамда бу ҳақда тегишли давлат органларини ва бошқа ташкилотларни хабардор қилади;

вояга етмаганларни ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларига олиб боради, шунингдек ушбу муассасаларда сақланаётган вояга етмаганларни жойлаштириш бўйича бошқа чора-тадбирларни амалга оширади.

Ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказлари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

Ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказларига қуйидаги вояга етмаганлар жойлаштирилиши мумкин:

назоратсиз ёки қаровсиз қолганлар;

ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларини, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар учун таълим муассасаларини ёхуд бошқа болалар муассасаларини ўзбошимчалик билан тарк этганлар;

ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган ўн олти ёшгача бўлганлар;

ижтимоий хавфли қилмишлар содир этган, лекин жиноий жавобгарликка тортиш мумкин бўлган ёшга тўлмаган ёхуд руҳий касаллик билан боғлиқ бўлмаган ҳолда ривожланишда ўз ёшига нисбатан анча орқада қолиши оқибатида содир этган қилмишининг аҳамиятини тўла равишда англаб етишга қодир бўлмаганлар, агар вояга етмаганларнинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилишни таъминлаш ёки улар томонидан такроран ижтимоий хавфли қилмишлар содир этилишининг олдини олиш зарур бўлса, шунингдек уларнинг шахси аниқланмаган ёхуд уларнинг аниқ яшаш жойи бўлмаса ёки ўзлари ижтимоий хавфли қилмишлар содир этган Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшамаётган бўлса;

маъмурий жавобгарликни келтириб чиқарадиган ҳуқуқбузарликларни содир этганлар, агар уларнинг шахси аниқланмаган бўлса ёхуд уларнинг аниқ яшаш жойи бўлмаса ёки ўзлари ҳуқуқбузарликлар содир этган Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшамаётган бўлса;

ўзининг ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасасига жойлаштирилиши тўғрисидаги масаланинг суд томонидан кўриб чиқилишини вақтинча кутиб турганлар;

суднинг ажримига кўра ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасасига юборилаётганлар.

Вояга етмаганни ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига жойлаштириш учун суднинг ажрими асос бўлади.

Вояга етмаган ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига ички ишлар органи ёки ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш маркази бошлиғининг ёхуд унинг ўринбосарининг қарори асосида жойлаштирилиши мумкин. Бу ҳолда вояга етмаганни ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига жойлаштириш тўғрисидаги илтимоснома ва уни мазкур марказга жойлаштириш заруратини тасдиқловчи материаллар вояга етмаган марказга жойлаштирилганидан кейин 48 соатдан кечиктирмасдан судга юборилади.

Ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш маркази бошлиғи ёки унинг ўринбосари вояга етмаганнинг ушбу марказга жойлаштирилганлиги тўғрисида мазкур марказ жойлашган ердаги прокурорни ва вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссияни зудлик билан, лекин 24 соатдан кечиктирмасдан хабардор қилади.

Вояга етмаганлар ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказида уларни жойлаштириш учун зарур бўлган энг кам вақт давомида, лекин кўпи билан ўттиз кун бўлиши мумкин. Алоҳида ҳолларда бу муддат суднинг ажрими асосида ўн беш кунгача узайтирилиши мумкин.

Ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказида вояга етмаганнинг бўлиши муддатига қуйидагилар кирмайди:

ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказида соғлиқни сақлашни бошқариш органи томонидан эълон қилинган карантин даври;

вояга етмаганнинг соғлиқни сақлаш муассасасининг ҳужжати билан тасдиқланган ва уни оилага қайтаришга ёки тегишли муассасага юборишга тўсқинлик қилаётган касаллиги даври;

суднинг илтимосномани қаноатлантириш ва вояга етмаганни ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасасига жойлаштириш тўғрисидаги ажрими устидан берилган шикоятнинг (протестнинг) кўриб чиқилиш вақти.

Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказлари тўғрисидаги низом Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

13-модда. Таълимни бошқариш органлари ва таълим муассасалари

Таълимни бошқариш органлари ўз ваколатлари доирасида:

вояга етмаганларда қонунга итоаткорлик хулқ-атворини шакллантиришга, уларга ахлоқ ва соғлом турмуш тарзи асосларини сингдиришга йўналтирилган дастурлар ҳамда услубларни ишлаб чиқади ва таълим муассасаларининг иш амалиётига жорий этади;

ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларининг, шунингдек вояга етмаганларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш вазифаларини амалга ошираётган бошқа муассасаларнинг фаолиятини такомиллаштиришга доир чора-тадбирларни амалга оширади;

таълим муассасаларидаги машғулотларга узрли сабабларсиз келмаётган ёхуд мунтазам равишда қатнашмаётган вога етмаганларни аниқлайди ҳамда уларнинг ҳисобини юритади, уларнинг умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълим олишига доир чора-тадбирларни кўради;

вояга етмаганларга ўз ҳаёт йўлини ва касб-ҳунар танлашида уларнинг қобилияти, қизиқиши, мойиллиги ҳамда соғлиғининг ҳолатига мувофиқ психологик ёрдам кўрсатади;

ривожланишида ёки хулқ-атворида нуқсони бўлган вояга етмаганларни аниқлайдиган, уларни комплекс текширувдан ўтказадиган ҳамда уларнинг келгусидаги таъминоти, тарбияси ва таълими шаклларини белгилаш бўйича тавсиялар тайёрлайдиган психологик-тиббий-педагогик комиссиялар тузади;

якка тартибдаги профилактика ишини олиб боришда иштирок этади;

таълим муассасаларида оммабоп спорт секциялари, техник ва бошқа тўгараклар, клублар ташкил этилишини ҳамда вояга етмаганларни уларда қатнашишга жалб этишни таъминлайди, вояга етмаганларнинг бандлиги ва дам олишини ташкил этишда қатнашади.

Умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ҳамда бошқа таълим муассасалари ўз ваколатлари доирасида:

ривожланишида ёки хулқ-атворида нуқсони ёхуд ўқишида муаммолари бўлган вояга етмаганларга ижтимоий-психологик ҳамда педагогик ёрдам кўрсатади;

ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволда бўлган, шунингдек таълим муассасаларидаги машғулотларга узрли сабабларсиз келмаётган ёхуд мунтазам равишда қатнашмаётган вояга етмаганларни аниқлайди, уларни таъминлаш, тарбиялаш ва уларга таълим беришга доир чора-тадбирларни кўради;

таълим муассасаларида оммабоп спорт секциялари, техник ва бошқа тўгараклар, клублар ташкил қилади ҳамда вояга етмаганларни уларда қатнашишга жалб этади;

ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволда бўлган оилаларни аниқлайди ҳамда ушбу оилаларга ўз болаларини таъминлаш, тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасида ёрдам кўрсатади;

вояга етмаганларда қонунга итоаткорлик хулқ-атворини шакллантиришга, уларга ахлоқ ва соғлом турмуш тарзи асосларини сингдиришга йўналтирилган дастурлар ҳамда услубларни амалга оширишга доир чора-тадбирларни кўради.

Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар учун таълим муассасалари ўз ваколатлари доирасида:

вояга етмаганларнинг ота-онаси вафот этган, уларнинг ота-оналари ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум этилган, улар ота-оналарининг ота-оналик ҳуқуқи чекланган, ота-онаси муомалага лаёқатсиз деб топилган, ота-онаси касал бўлган, ота-онаси узоқ муддат бўлмаган, ота-онаси болаларини тарбиялашдан ёки уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишдан бўйин товлаган ҳолларда, шу жумладан, ота-онаси ўз болаларини таълим муассасаларидан, соғлиқни сақлаш муассасаларидан, аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш муассасаларидан ва бошқа муассасалардан олишдан бош тортган тақдирда, шунингдек болалар ота-онаси қарамоғидан маҳрум бўлган бошқа ҳолларда вояга етмаганларни таъминлаш, тарбиялаш, уларга таълим бериш, келгусида уларни жойлаштириш ва мустақил ҳаётга тайёрлаш учун қабул қилади;

кам таъминланган, кўп болали оилаларнинг вояга етмаган болаларини, фақат отаси ёки онаси бор бўлган вояга етмаганларни ушбу оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида бир йилдан ортиқ бўлмаган муддатга таъминлаш, тарбиялаш ва уларга таълим бериш учун қабул қилади;

мазкур муассасаларда сақланаётган вояга етмаганларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлайди;

якка тартибдаги профилактика ишини олиб боришда иштирок этади.

Таълимни бошқариш органлари ва таълим муассасалари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

14-модда. Ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасалари

 Ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларига ихтисослаштирилган мактаблар ва ихтисослаштирилган касб-ҳунар коллежлари киради.

Ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларига ўн бир ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган, таъминлаш, тарбиялаш ва таълим бериш учун алоҳида шароитларга муҳтож вояга етмаганлар қуйидаги ҳолларда уч йилдан ортиқ бўлмаган муддатга жойлаштирилиши мумкин, агар улар:

ижтимоий хавфли қилмишлар содир этган, лекин жиноий жавобгарликка тортиш мумкин бўлган ёшга тўлмаган ёхуд руҳий касаллик билан боғлиқ бўлмаган ҳолда ривожланишда ўз ёшига нисбатан анча орқада қолиши оқибатида содир этган қилмишининг аҳамиятини тўла равишда англаб етишга қодир бўлмаган бўлса;

айблилиги тўғрисидаги масала ҳал қилинмай туриб жиноий жавобгарликдан озод қилинган, материаллар вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссияга кўриб чиқиш учун топширилган бўлса;

ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларига жойлаштириш тариқасидаги мажбурлов чораси қўлланилган ҳолда жиноий жазодан озод қилинган бўлса;

якка тартибдаги профилактика иши олиб борилаётганлигига қарамай ҳуқуқбузарликлар ёки бошқа ғайриижтимоий хатти-ҳаракатлар содир қилишни давом эттираётган бўлса.

Вояга етмаганларни ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларига жойлаштириш учун қуйидагилар асос бўлади:

ушбу модда иккинчи қисмининг иккинчи, учинчи ва бешинчи хатбошиларида кўрсатилган вояга етмаганларга нисбатан ушбу Қонунга мувофиқ чиқарилган суд ажрими;

ушбу модда иккинчи қисмининг тўртинчи хатбошисида кўрсатилган вояга етмаганларга нисбатан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига мувофиқ чиқарилган суд ажрими.

Ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларига ушбу муассасаларда сақлаш, тарбиялаш ва таълим беришга тўсқинлик қиладиган касаллиги бўлган вояга етмаганлар жойлаштирилиши мумкин эмас.

Вояга етмаганларни ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларида сақлаш, тарбиялаш ва уларга таълим беришга тўсқинлик қиладиган касалликлар рўйхати Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланади.

Ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасалари ўз ваколатлари доирасида:

вояга етмаганларни ўқитишни, уларнинг касб-ҳунар тайёргарлигини ва ижтимоий-педагогик реабилитациясини амалга оширади;

вояга етмаганларни сақлашнинг мазкур муассасалар ҳудудини кўриқлашни, вояга етмаганларнинг шахсий хавфсизлигини ва салбий таъсирлардан ҳимояланганлигини, ушбу муассасалар ҳудудига бегона шахсларнинг эркин киришини, бу муассасаларда сақланаётган вояга етмаганларнинг эркин чиқишини чеклашни ўз ичига олган махсус шарт-шароитларини таъминлайди;

вояга етмаганларнинг мазкур муассасаларни ўзбошимчалик билан тарк этиши ҳолатлари тўғрисида ушбу муассасалар жойлашган ердаги ва вояга етмаганларнинг яшаш жойидаги ёки турган жойидаги ички ишлар органларини хабардор қилади ҳамда ички ишлар органлари билан биргаликда уларни топиш ва мазкур муассасаларга қайтаришга доир чора-тадбирларни кўради;

вояга етмаганларнинг яшаш жойидаги вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссияларга вояга етмаганларнинг ушбу муассасалардан чиқарилаётганлиги тўғрисидаги хабарномаларни, шунингдек вояга етмаганларга оид тавсифномапарни уларни чиқаришдан камида бир ой олдин юборади.

Ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасалари мазкур муассасалар жойлашган ердаги вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссияларга қуйидаги масалалар юзасидан тақдимномалар киритади:

вояга етмаганларни бошқа ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларига ўтказиш;

вояга етмаганларнинг мазкур муассасаларда бўлишини суд томонидан белгиланган муддат ўтишидан олдин, агар улар хулқ-атвори тузалганлиги сабабли ушбу таъсир чорасини қўллашни давом эттиришга муҳтож бўлмаса ёки соғлиғи ҳолатига кўра бу муассасаларда бўла олмаса, тугатиш;

вояга етмаганларни ўқитишни тамомлаш зарур бўлган тақдирда, уларнинг ушбу муассасаларда бўлиш муддатини узайтириш.

Ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасалари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

Ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасалари тўғрисидаги низомлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

                                                                       
Kalit so'zlar:
Maktabimiz faxrimiz
Gurlan tumanidagi 41-son U.O`.T. maktabi.

Ko'p o'qilgan

Декабрь 2024 (3)
Ноябрь 2024 (1)
Октябрь 2024 (4)
Июнь 2024 (1)
Октябрь 2023 (2)
Сентябрь 2023 (2)

So'rovnoma

Qaysi fanlarga ko'proq qiziqarli? [?]