gurlan41.uz

«Kuch bilim va tafakkurda.»
I. A. Karimov
» » Yozgi ta'til davrida huquqiy savodxonligimizni oshiraylik ! (O`zbekiston Respublikasining qonuni:"Bola huquqlarining kafolatlari to`g`risida")

Yozgi ta'til davrida huquqiy savodxonligimizni oshiraylik ! (O`zbekiston Respublikasining qonuni:"Bola huquqlarining kafolatlari to`g`risida")

Ўзбекистон Республикасининг ҚОНУНИ:  Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида

 Қонунчилик палатаси томонидан 2007 йил 23 ноябрда қабул қилинган

Сенат томонидан 2007 йил 1 декабрда маъқулланган

 (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2008 йил, № 1, 1-модда)

 

1-боб. Умумий қоидалар

 

1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади

 

Ушбу Қонуннинг мақсади бола ҳуқуқларининг кафолатлари ­соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

 

2-модда. Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисидаги қонун  

                ҳужжатлари

 

Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида ­Ўзбекистон Республикасининг бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари ­қўлланилади.

 

3-модда. Асосий тушунчалар

 

Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

бола (болалар) — ўн саккиз ёшга тўлгунга (вояга етгунга) қадар бўлган шахс (шахслар);

боланинг қонуний вакиллари — ота-оналар, фарзандликка олувчилар, васийлар, ҳомийлар;

васийлик ва ҳомийлик — ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни уларга таъминот, тарбия ҳамда таълим бериш, шунингдек уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида жойлаштиришнинг ҳуқуқий шакли. Васийлик ўн тўрт ёшга тўлмаган, ҳомийлик эса ўн тўрт ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган болаларга нисбатан белгиланади;

етим бола — отаси ҳам, онаси ҳам вафот этган ёки улар суд қарорига биноан вафот этган деб эълон қилинган бола;

жисмоний ва (ёки) руҳий ривожланишида нуқсонлари бўлган бола — ногиронликни белгилаш учун етарли бўлмаган жисмоний, ақлий, сенсор (сезги) ва (ёки) руҳий нуқсонлари бўлган бола;

ижтимоий ҳимояга муҳтож болалар — юзага келган ҳолатлар сабабли оғир турмуш шароитида қолган, давлат ва жамият томонидан алоҳида ҳимоя қилишга ҳамда қўллаб-қувватлашга ­муҳтож болалар, шу жумладан:

ногирон болалар;

жисмоний ва (ёки) руҳий ривожланишида нуқсонлари бўлган болалар;

етим болалар;

ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар;

ихтисослаштирилган болалар муассасаларида тарбияланаётган болалар;

муайян яшаш жойига эга бўлмаган болалар;

кам таъминланган оилалардаги болалар;

жиноий жавобгарликка тортилган ва жазони ижро этиш муассасаларида турган болалар;

зўравонлик ва эксплуатация, қуролли можаролар ва табиий офатлар натижасида жабрланган болалар;

ногирон бола — жисмоний, ақлий, сенсор (сезги) ва (ёки) руҳий нуқсонлари бўлганлиги туфайли турмуш фаолияти чекланганлиги муносабати билан ижтимоий ёрдамга, ҳимояга муҳтож ҳамда қонунда белгиланган тартибда ногирон деб топилган бола;

ота-онанинг ўрнини босувчи шахслар — қонунда белгиланган тартибда болага нисбатан ота-оналик ҳуқуқини амалга оширувчи ва ота-оналик мажбуриятларини бажарувчи, лекин боланинг ота-онаси бўлмаган шахслар (фарзандликка олувчилар, васийлар ва ҳомийлар);

ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган бола — ҳар қандай сабабга кўра ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган бола, бундан етим бола мустасно.

 

4-модда. Бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича

                 давлат сиёсати

 

Бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича давлат сиёсатининг ­асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:

боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш;

боланинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш;

боланинг камситилишига йўл қўймаслик;

боланинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш;

болалар ҳуқуқлари ва имкониятларининг тенглигини ­таъминлаш;

бола ҳуқуқлари кафолатларининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш;

бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисидаги қонун ҳужжат­ларига риоя этилишини таъминлаш;

бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ­таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш бўйича давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари фаолиятининг очиқлиги ҳамда ошкоралигини таъминлаш;

болаларнинг жисмоний, интеллектуал, маънавий ва ахлоқий ­камол топишига кўмаклашиш;

бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида фаолиятни амалга оширувчи кадрлар тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш;

болаларда ватанпарварлик, фуқаролик, бағрикенглик ва тинчликсеварлик туйғуларини тарбиялаш;

болани Ўзбекистон халқининг тарихий ва миллий анъаналари, маънавий қадриятлари ҳамда жаҳон маданияти ютуқлари билан таништириш;

боланинг шахсини, унинг илмий, техникавий ва бадиий ижодкорлигини ривожлантириш;

болалар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш;

болада ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни шакллантириш;

бола ҳуқуқларини таъминлаш мақсадида давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорлик қилиш;

бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида фаолиятни амалга оширувчи халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни ривож­лантириш;

болаларнинг ижтимоий кўникмасига, вояга етмаганлар ­ўртасида ҳуқуқбузарликларни камайтиришга кўмаклашиш.

 

5-модда. Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг бола

                ҳуқуқларини таъминлаш бўйича ваколатлари

 

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ўз вазифалари ­доирасида қуйидаги ваколатларни амалга оширади:

бола ҳуқуқларини таъминлаш бўйича ягона давлат сиёсатини шакллантириш ва амалга ошириш;

бола ҳуқуқларини таъминлаш бўйича устувор йўналишларни ­белгилаш;

бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини ижро этиш;

бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ­таъминлаш бўйича давлат дастурлари ҳамда ҳудудий дастурларни ишлаб чиқиш ва рўёбга чиқариш;

бола ҳуқуқларини таъминлаш бўйича давлат органлари, болалар муассасалари, ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш;

бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича давлат сиёсатини рўёбга чиқаришга доир тадбирларни белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштириш;

давлатга қарашли болалар муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва нодавлат болалар муассасаларини ривожлантиришга кўмаклашиш чора-тадбирларини кўриш;

бола ҳуқуқларини таъминлаш масалалари юзасидан Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятлари бажарилишини назорат қилиш ҳамда халқаро ташкилотларда Ўзбекистон Республикасининг манфаатларини ифодалаш;

ахборот-маърифий фаолиятни амалга ошириш;

ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларни қўллаб-қувватлаш масалаларини ҳал этиш.

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари қонун хужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

Бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш, давлат органлари ва бошқа органларнинг, ташкилотларнинг бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича фаолиятини мувофиқлаштириш мақсадида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бола ҳуқуқлари бўйича ваколатли орган ташкил этилиши мумкин.

 

6-модда. Бола ҳуқуқларини таъминлашда фуқароларнинг ўзини ўзи  

                 бошқариш органлари ва нодавлат нотижорат  

                 ташкилотларининг иштироки

 

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари болага унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини рўёбга чиқаришда ва ҳимоя қилишда кўмаклашади, болага ёки унинг қонуний вакилига ҳуқуқий, услубий, ахборотга оид ва бошқа ёрдам кўрсатади.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари:

бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш бўйича давлат дастурлари ва ҳудудий дастурларни ишлаб чиқишда ҳамда рўёбга чиқаришда иштирок этиши;

бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга доир ваколатларни амалга оширишда давлатдан ва халқаро ташкилотлардан услубий, ташкилий ҳамда молиявий ёрдам олиши мумкин.

 

2-боб. Бола ҳуқуқларининг асосий кафолатлари

 

7-модда. Бола ҳуқуқларининг қонуний кафолатлари

 

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳар бир болага инсон ҳамда фуқаро ҳуқуқлари ва эркинликлари тегишли бўлади ҳамда давлат томонидан кафолатланади.

Никоҳда ва никоҳсиз туғилган болалар тенг ҳамда ҳар тарафлама ҳимоядан фойдаланади.

Давлат боланинг барча шакллардаги камситишлардан ҳимоя қилинишини таъминлаш учун зарур чораларни кўради.

Бола ҳуқуқлари чекланиши мумкин эмас, қонунда белгиланган ҳоллар бундан мустасно.

 

8-модда. Боланинг яшаш ҳуқуқи кафолатлари

 

Яшаш ҳуқуқи ҳар бир боланинг узвий ҳуқуқидир. Бола ҳаётига суиқасд қилиш энг оғир жиноятдир.

Давлат соғлом боланинг туғилиши ва ривожланишини таъминлаш учун шароит яратади.

 

9-модда. Боланинг индивидуалликка ва уни сақлаб қолишга бўлган
                         ҳуқуқи кафолатлари

 

Ҳар бир бола туғилган пайтдан эътиборан фамилия, исм, ота исми олиш, миллати ва фуқаролигига эга бўлиш ҳуқуқига, шунингдек уларни сақлаб қолиш ҳуқуқига эга.

 

10-модда. Боланинг эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқи                  

                   кафолатлари

 

Ҳар бир бола эркинлик, шахсий дахлсизлик, турар жойи дахлсизлиги ва хат-хабарларини сир тутиш ҳуқуқига эга.

Ҳар бир бола ўз шаъни ва қадр-қимматига қилинган тажовузлардан, шахсий ҳаётига ғайриқонуний аралашувлардан ҳимояланиш ҳуқуқига эга.

Бола қонунга асосланмаган ҳолда ушлаб турилиши, ҳибсга олиниши, қамоққа олиниши мумкин эмас.  

Давлат боланинг шахси, турар жойи дахлсизлигини, хат-хабарлари сир тутилишини таъминлайди ҳамда болани эксплуатациянинг барча шакл­ларидан, шу жумладан жисмоний, руҳий ва жинсий зўравонликдан, қийноққа солишлардан ёки шафқатсиз, қўпол ёхуд инсон қадр-қимматини камситувчи бошқа шаклдаги муомаладан, шаҳвоний шилқимликлардан, жиноий фаолиятга, фоҳишалик билан шуғулланишга жалб этилишдан ҳимоя қилишни амалга оширади.

 

11-модда. Боланинг ҳимояга бўлган ҳуқуқи кафолатлари

 

Ҳар бир болага унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органларининг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг қонунга хилоф қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ғайриқонуний ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланади.

Боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш унинг ота-онаси, ота-онасининг ўрнини босувчи шахслар, қонунда назарда тутилган ҳолларда эса васийлик ва ҳомийлик органи, прокурор, суд томонидан амалга оширилади.

Вояга етгунча қонунга мувофиқ тўла муомалага лаёқатли деб эътироф этилган (эмансипация) бола ўз ҳуқуқларини, шу жумладан ҳимояга бўлган ҳуқуқини мустақил амалга оширишга ҳамда мажбуриятларини мустақил бажаришга ҳақлидир.

Бола ота-она ва ота-онанинг ўрнини босувчи шахслар томонидан қилинадиган суиистеъмолликлардан ҳимояланиш ҳуқуқига эга.

Боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилганда, шу жумладан ота-она (улардан бири) ёки ота-онанинг ўрнини босувчи шахслар болага таъминот, тарбия ва таълим бериш бўйича мажбуриятларини бажармаган ёки лозим даражада бажармаганда ёхуд ота-оналик ҳуқуқларини суиистеъмол қилганда бола ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини сўраб васийлик ва ҳомийлик органига мустақил равишда мурожаат қилишга ҳақли.

Боланинг ҳаёти ёки соғлиғига хавф туғилганидан, унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилганлигидан хабардор бўлган шахслар бу ҳақда бола ҳақиқатда турган жойдаги васийлик ва ҳомийлик органига маълум қилишлари шарт. Шундай маълумотлар олинган тақдирда, васийлик ва ҳомийлик органи боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича зарур чоралар кўриши шарт.

 

12-модда. Болаларни тарбиялаётган оилаларни давлат томонидан

                   қўллаб-қувватлаш

 

Давлат болаларни тарбиялаётган оилаларни қўллаб-қувватлашни кафолатлайди, шунингдек қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда уларга ижтимоий ёрдам кўрсатилишини таъминлайди.

 

13-модда. Боланинг оилавий муҳитга бўлган ҳуқуқи кафолатлари

 

Ҳар бир бола оилада яшаш ва тарбияланиш, ўз ота-онасини билиш, улар билан бирга яшаш ва уларнинг ғамхўрлигидан фойдаланиш ҳуқуқига эга, унинг манфаатларига зид бўлган ҳоллар бундан мустасно.

Боланинг ота-онаси бўлмаганда, улар ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинганда ҳамда бола ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган бошқа ҳолларда унинг оилада яшаш ҳамда тарбияланиш ҳуқуқи васийлик ва ҳомийлик органи томонидан таъминланади.

Бола отаси, онаси, бобоси, бувиси, ака-укалари, опа-сингиллари ва бошқа қариндошлари билан кўришиш ҳуқуқига эга. Ота-онасининг никоҳдан ажралиши, никоҳнинг ҳақиқий эмас деб топилиши ёки ота ва онанинг бошқа-бошқа яшаши боланинг ҳуқуқларига таъсир қилмайди.

Ота ва она турли давлатларда яшаган тақдирда ҳам бола улар билан кўришиш ҳуқуқига эга.

Экстремал вазиятларга (ушлаб туриш, ҳибсга олиш, қамоққа олиш, даволаш муассасасида бўлиш ва бошқа ҳолларда) тушиб қолган бола ўз ота-онаси ва бошқа қариндошлари билан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда кўришиш ҳуқуқига эга.

 

14-модда. Боланинг ғайриқонуний кўчирилишдан ҳимояланиш                 

                  ҳуқуқи кафолатлари

 

Ҳар бир бола ғайриқонуний кўчирилишдан ва чет элдан қайтарилмасликдан ҳимояланиш ҳуқуқига эга.

Боланинг чет элга сафарлари фақат ота ва онанинг ёки ота-онанинг ўрнини босувчи шахсларнинг розилиги билан қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилиши мумкин. Ушбу масала бўйича ота ва она ёки ота-онанинг ўрнини босувчи шахслар ўртасидаги ҳар қандай келишмовчилик суд томонидан ҳал қилинади.

Ота-она ёки ота-онанинг ўрнини босувчи шахс­лар боланинг йўқолганлиги ҳақида тегишли органларга дарҳол хабар беришлари шарт.

Ота-она ёки ота-онанинг ўрнини босувчи шахс­лар ҳамроҳлигида бўлмаган болалар уларнинг ёнига кафолатли қайтарилиш ҳуқуқига эга.

Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхоналари чет элда қонуний вакиллари ҳамроҳлигисиз турган болаларнинг – Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳисобини юритади ва уларнинг қайтарилиши бўйича чоралар кўради. Ота-онаси бедарак йўқолган деб топилган ёки улар вафот этган деб эълон қилинган тақдирда, васийлик ва ҳомийлик органи ана шу болаларни оилага, бундай имконият бўлмаганда эса етим болалар ёки  ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар учун тайинланган муассасаларга жойлаштириш чораларини кўради.

Қонуний вакиллари ҳамроҳлигисиз чет элда турган болаларни қайтариш масалалари Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари асосида ҳал қилинади.

Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари ва халқаро шартномаларига мувофиқ давлат ижро этиш мақсадлари, шакллари ва усулларидан қатъи назар, болаларни ғайриқонуний кўчиришнинг олдини олиш, шунингдек уларни доимий яшайдиган мамлакатига қайтариш чораларини кўради.

 

15-модда. Боланинг ўз фикрини ифода этиш ҳуқуқи                

                   кафолатлари

 

Оилада ҳар бир бола ўз фикрини ифода этишга, шунингдек ҳар қандай суд муҳокамаси ёки маъмурий муҳокама даврида ўз манфаатларига тааллуқли масалалар юзасидан сўзлашга ҳақлидир.

 

 

 

16-модда. Боланинг ахборот олиш ҳуқуқи кафолатлари

 

Ҳар бир бола ўзининг соғлиғи, ахлоқий ва маънавий камол топишига зиён етказмайдиган ахборотни олиш ҳуқуқига эга.

Ҳар бир бола ҳар қандай ахборотни излаш, олиш ва тарқатиш ҳуқуқига эга, қонунда назарда тутилган чеклашлар бундан мустасно.

Порнография, шафқатсизлик ва зўравонликни намойиш этувчи, инсон қадр-қимматини таҳқирловчи, болаларга зарарли таъсир кўрсатувчи ва ҳуқуқбузарликлар содир этилишига сабаб бўлувчи оммавий ахборот воситаларидан фойдаланиш, адабиётларни тарқатиш ҳамда фильмларни намойиш этиш тақиқланади.

 

 

17-модда. Боланинг фикрлаш, сўз, виждон ва эътиқод эркинлиги  

                  ҳуқуқи кафолатлари

 

Бола фикрлаш, сўз, виждон ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эга.

Боланинг фикр юритиш ва уни ифодалаш эркинлиги қонунда белгиланган тартибда чекланиши мумкин.

 

18-модда. Боланинг хусусий мулкка бўлган ҳуқуқи кафолатлари

 

Бола қонунда белгиланган тартибда хусусий мулк ҳуқуқига эга бўлиши мумкин.

Боланинг шахсий фойдаланишида бўлган, бола томонидан ҳадя, мерос тариқасида олинган, шахсий меҳнати эвазига ёки бошқа қонуний усулда олинган буюмлар, мол-мулк унинг хусусий мулкидир.

 

19-модда. Боланинг турар жойга бўлган ҳуқуқлари кафолатлари

 

Ҳар бир бола турар жойли бўлиш ҳуқуқига эга. Мазкур ҳуқуқ қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Турар жой мулкдорининг ёки турар жойни ижарага олувчининг оила аъзолари бўлган болалар улар қаерда бўлишларидан қатъи назар, турар жой мулкдори ёки турар жойни ижарага олувчиси эгаллаб турган турар жойга нисбатан ҳуқуққа эга бўлади.

Тарбия, даволаш муассасалари ва бошқа муассасаларда, қариндошлари, васийлари ёки ҳомийлари қарамоғида бўлган етим болалар, ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болалар турар жойга бўлган мулк ҳуқуқини ёки турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқини сақлаб қолади.

Васийлик ёки ҳомийлик белгиланган боланинг мулкида ёки фойдаланишида бўлган турар жойни ўзга шахсга ўтказиш учун васийлик ёки ҳомийлик органининг розилиги талаб қилинади.

 

 

 

20-модда. Боланинг меҳнат қилиш ҳуқуқи кафолатлари

 

Ҳар бир бола ўзининг ёши, соғлиғининг ҳолати ва касбий тайёргарлигига мувофиқ қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда меҳнат қилиш, фаолият турини ва касбни эркин танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ҳуқуқига эга.

Ишга қабул қилишга ўн олти ёшдан йўл қўйилади.

Ўн беш ёшга тўлган шахслар ота-онасидан бирининг ёки ота-онасининг ўрнини босувчи шахс­лардан бирининг ёзма розилиги билан ишга қабул қилиниши мумкин.

Болаларни меҳнатга тайёрлаш учун умумтаълим мактаблари, академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежларининг ўқувчиларини уларнинг соғ­лиғига ва ривожланишига зиён етказмайдиган, таълим олиш жараёнини бузмайдиган енгил ишни ўқишдан бўш вақтларида бажариш учун – улар ўн тўрт ёшга тўлганларидан кейин ота-онасидан бирининг ёки ота-онасининг ўрнини босувчи шахслардан бирининг ёзма розилиги билан ишга қабул қилишга йўл қўйилади.

Давлат ўн саккиз ёшга тўлмаган ишловчи шахс­ларга ишни таълим билан қўшиб олиб бориши учун зарур шароитларни яратиб бериш ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа чораларни кўриш орқали боланинг меҳнат қилиш ҳуқуқи таъминланишини кафолатлайди.

 

21-модда. Боланинг дам олиш ва бўш вақтга бўлган ҳуқуқи                  

                   кафолатлари

 

Ҳар бир бола ўзининг ёши, соғлиғи ҳамда эҳтиёжларига мос келадиган дам олиш ва бўш вақтга бўлган ҳуқуққа эга.

Ота-она ёки ота-онанинг ўрнини босувчи шахс­лар ўз қобилиятлари ҳамда имкониятларига мувофиқ боланинг ҳар томонлама камол топиши ва фаровонлиги учун зарур турмуш шароитини таъминлайди.

Болалар соғломлаштириш, спорт, ижодий ташкилотлари ҳамда дам олишни ва бўш вақтни уюштирувчи бошқа ташкилотлар қонун ҳужжатларига мувофиқ давлат органлари томонидан таъсис этилади ва қўллаб-қувватланади.

 

22-модда. Боланинг соғлиғини сақлаш ҳуқуқи кафолатлари

 

Ҳар бир бола соғлиғини сақлаш ҳуқуқига эга.

Давлат соғлом бола туғилишини таъминлаш учун онага унинг соғлиғини сақлаш шароитларини яратади.

Давлат болаларга қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳажмда бепул тиббий ёрдамни кафолатлайди.

Боланинг соғлиғини сақлаш ҳуқуқи давлат томонидан қуйидаги йўллар билан таъминланади:

малакали тиббий хизмат кўрсатилишини ташкил қилиш;

боланинг, унинг ота-онасининг саломатлигини назорат қилиш ва болалар касалликлари профилактикаси;

болалар ва ўсмирларни даволаш-профилактика муассасаларида диспансер кузатувини олиб бориш ҳамда даволаш;

талаб даражасидаги сифатга эга бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарилиши ва сотилишини назорат қилиш;

боланинг физиологик хусусиятлари ва соғлиғи ҳолатига жавоб берадиган таълим олиш ҳамда меҳнат қилиш шароитларини яратиш;

касбга яроқлиликни аниқлашда Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан бепул тиббий маслаҳат бериш;

санитария-гигиена таълими бериш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва рағбатлантириш;

соғлиғининг ҳолати тўғрисида бола учун қулай бўлган тарзда зарур ахборотни тақдим этиш.

Ўн тўрт ёшдан катта ёшдаги бола маълумотларни билган ҳолда тиббий аралашувга ихтиёрий равишда розилик бериш ёки уни рад этиш ҳуқуқига эга.

Бола билан унинг ҳаётига, соғлиғи ва нормал ривожланишига зиён етказувчи ҳар қандай илмий тажриба ёки бошқа экспериментлар ўтказиш тақиқланади.

Давлат махсус чекловларни жорий этиш ва махсус профилактика дастурларини амалга ошириш орқали болани алкоголга мойилликдан, чекишдан, гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддалар ва интеллектуал-иродавий фаолиятга таъсир кўрсатадиган бошқа моддаларни истеъмол қилишдан ҳимоя қилиш бўйича зарур чораларни кўради.

 

23-модда. Боланинг билим олиш ҳуқуқи кафолатлари

 

Ҳар бир бола билим олиш ҳуқуқига эга.

Давлат боланинг бепул мажбурий умумий ўрта таълим, шунингдек ўрта махсус касб-ҳунар таълими олишини кафолатлайди.

 

3-боб. Ижтимоий ҳимояга муҳтож болалар ҳуқуқларининг            

            қўшимча кафолатлари

 

24-модда. Ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларнинг оила муҳитига                

                   бўлган ҳуқуқи кафолатлари

 

Давлат боланинг оилада бўлишига тўсқинлик қилувчи шароитларни бартараф қилиш, бола оиласидан ажратилган ҳолларда эса уни оиласига тезроқ қайтариш бўйича зарур чораларни кўради.

Давлат ногирон болаларни ҳамда жисмоний ва (ёки) руҳий ривожланишида нуқсони бўлган болаларни тарбиялаётган оилаларга моддий ёрдам, маслаҳат ёрдами ва бошқа ёрдам кўрсатади ҳамда уларни қўллаб-қувватлайди.

Ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган бола тўғрисида ғамхўрлик қилишда имтиёзли ҳуқуқ бу вазифани бажаришга қодир бўлган қариндошларига берилади.

Болани оилага жойлаштиришнинг имконияти бўлмаган тақдирда, уни ихтисослаштирилган муассасаларга жойлаштириш охирги чорадир.

Оилада тарбияланиши мумкин бўлмаган ижтимоий ҳимояга муҳтож болалар уларга зарур ғам­хўрликни ҳамда қўллаб-қувватлашни таъминлайдиган муқобил шаклда жойлаштирилиш ҳуқуқига эга.

Ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларни муқобил жойлаштиришнинг шакллари қуйидагилардир:

васийлик ва ҳомийликни белгилаш;

болани фарзандликка олиш;

оилага тарбияга олиш (патронат);

ихтисослаштирилган тарбия, даволаш муассасаларига, ижтимоий ҳимоя муассасаларига жойлаштириш.

Қонун ҳужжатларига мувофиқ ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларни муқобил жойлаштиришнинг бошқа шакллари ҳам назарда тутилиши мумкин.

Ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларни муқобил жойлаштириш тартиби қонун ҳужжатлари билан белгиланади.

 

25-модда. Ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларнинг жамиятга 

                   уйғунлашиш ҳуқуқи кафолатлари

 

Ижтимоий ҳимояга муҳтож болалар жамият ҳаётида иштирок этишда бошқа болалар билан тенг ҳуқуқларга эгадир.

Давлат ижтимоий ҳимояга муҳтож болалар ва улар оилаларининг жамият ҳаётида фаол иштирок этишини таъминлаш учун уларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситмаслик шартлари асосида дастурлар ишлаб чиқиш ташаббускори бўлади ҳамда зарур ресурслар ажратади.

Таълим, тиббиёт ва маданий-маърифий муассасалар ногирон болалар ҳамда жисмоний ва (ёки) руҳий ривожланишида нуқсонлари бўлган болаларнинг эркин ҳаракатланишлари учун мослаштирилган бўлиши керак.

Давлат ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларни реабилитация қилиш тизимини шакллантириш ва ривожлантиришни ташкил этади ҳамда бунга кўмаклашади.

Ногиронлик белгиланган пайтдан бошлаб бола тегишли давлат органлари томонидан бажарилиши мажбурий бўлган якка тартибдаги реабилитация дастуридан фойдаланиш ҳуқуқига эга.

 

26-модда. Ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларнинг турар жойга               

                   бўлган ҳуқуқлари кафолатлари

 

Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар, тўлиқ давлат таъминотида турган ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларини битирган ёки жазони ўташ муассасаларидан озод қилинган болалар, шунингдек ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган бошқа тоифадаги болалар ўзлари илгари яшаган турар жой майдонига эга бўлиш ёки қонун ҳужжатларига мувофиқ турар жой олиш ҳуқуқига эга.

 

27-модда. Ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларнинг ижтимоий              

                   ёрдам олишга бўлган ҳуқуқи кафолатлари

 

Ижтимоий ёрдам уни олиш ҳуқуқига эга бўлган ҳар бир болага тайинланади.

Ижтимоий ёрдам кўрсатиш миқдори, шартлари ва тартиби қонун ҳужжатлари билан белгиланади.

Етим болаларга ва ота-онасининг ёки бошқа қонуний вакилларининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга таълим бериш ҳамда уларни таъминлаш қонун ҳужжатларида белгиланадиган тартибда тўлиқ давлат таъминоти асосида амалга оширилади.

Давлат органлари ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган ҳар бир болага, болаларнинг жойлаштирилиши шаклидан қатъи назар, моддий ва бош­қа шароитларни таъминлайди.

Давлат ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларни қўллаб-қувватлашга йўналтирилган ҳомийлик дастурларини қонун ҳужжатларига мувофиқ рағбатлантиради.

 

28-модда. Ногирон болалар, жисмоний ва (ёки) руҳий  

                   ривожланишида нуқсонлари бўлган болаларнинг тиббий-

                   ижтимоий ёрдам олишга бўлган ҳуқуқи кафолатлари

 

Ногирон болалар тиббий-ижтимоий ёрдам олиш ҳуқуқига эга бўлиб, бу профилактика, даволаш-ташхис қўйиш, реабилитация, санаторий-курорт, протез-ортопедия ёрдамини, ҳаракатланиш воситалари билан имтиёзли шартларда таъминланишни ва бошқа ёрдам турларини ўз ичига олади.

Ногирон болалар давлат соғлиқни сақлаш, меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш тизими муассасаларида бепул тиббий-ижтимоий ёрдам олиш, ўз уйларида парвариш қилиниш ҳуқуқига эга.

Жисмоний ва (ёки) руҳий ривожланишида нуқсонлари бўлган болаларга тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш тартиби, уларга бериладиган имтиёзлар рўйхати қонун ҳужжатлари билан белгиланади.

Жисмоний ва (ёки) руҳий ривожланишида нуқсонлари бўлган болалар ота-онаси ёки ота-онасининг ўрнини босувчи шахсларнинг аризасига кўра Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети, ҳомийлик ва бошқа жамғармаларнинг маблағлари ҳисобидан, шунингдек ота-онаси ёки ота-онасининг ўрнини босувчи шахсларнинг маблағлари ҳисобидан ижтимоий муҳофаза тизими муассасаларида сақланишлари мумкин.

 

 

 

29-модда. Ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларнинг таълим                

                   олиш ҳуқуқи кафолатлари

 

Давлат махсус педагогик ёндашувга эҳтиёжи бўлган ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларнинг белгиланган таълим стандартлари ва талаблари даражасида билим олишларини кафолатловчи зарур маблағлар ажратади ҳамда бошқа чоралар ­кўради.

Жисмоний ва (ёки) руҳий ривожланишида нуқсонлари бўлган болалар ва ногирон болалар улар учун махсус ишлаб чиқилган таълим дастурлари бўйича таълим муассасаларида ўқиш ва тарбияланиш ҳамда ўз жисмоний, ақлий қобилиятлари ва хоҳишларига мос бўлган таълим олиш ҳуқуқига эга.

Тиббий-психологик-педагогик комиссиянинг тавсияси бўлган тақдирда, жисмоний ва (ёки) руҳий ривожланишида нуқсонлари бўлган болалар ва ногирон болаларнинг ота-оналари ўз хоҳиш-истагига кўра ҳамда боланинг қизиқишларидан келиб чиққан ҳолда таълим (умумтаълим ёки ихтисослаштирилган) муассасаси турини танлаш ҳуқуқига эга.

Ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларга ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий ўқув юртларига ўқишга киришда қонун ҳужжатлари билан имтиёзлар ­белгиланиши мумкин.

 

4-боб. Якунловчи қоидалар

 

30-модда. Низоларни ҳал этиш

 

Бола ҳуқуқларининг кафолатлари соҳасидаги низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.

 

31-модда. Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисидаги қонун   

                  ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик

 

Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.

 

32-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши

 

Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

 

 

 

Ўзбекистон Республикасининг

   Президенти                                                                    И. КАРИМОВ

 

Тошкент шаҳри,

2008 йил 7 январь

№ ЎРҚ–139

 

Kalit so'zlar:
Maktabimiz faxrimiz
Gurlan tumanidagi 41-son U.O`.T. maktabi.

Ko'p o'qilgan

Декабрь 2024 (3)
Ноябрь 2024 (1)
Октябрь 2024 (4)
Июнь 2024 (1)
Октябрь 2023 (2)
Сентябрь 2023 (2)

So'rovnoma

Qaysi fanlarga ko'proq qiziqarli? [?]