Ўзбекистон Республикасининг маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 47, 47.3,49.1 моддалари
47-модда. Болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик
Ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан вояга етмаган болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик, шу жумладан вояга етмаган болаларнинг маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этишига олиб келиши —
энг кам иш ҳақининг иккидан бир қисмидан уч бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Болаларнинг мажбурий умумий ўрта таълим, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими олишига ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан тўсқинлик қилиш —
энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
(47-модда Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил 7 октябрдаги ЎРҚ-355-сонли Қонунига асосан иккинчи қисм билан тўлдирилган — ЎР ҚҲТ, 2013 й., 41-сон, 543-модда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
47.1-модда. Ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар тўғрисидаги маълумотларни васийлик ва ҳомийлик органига хабар қилмаслик
Ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар тўғрисидаги маълумотларни шундай болалар турган муассаса раҳбари ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи мансабдор шахси томонидан васийлик ва ҳомийлик органига хабар қилмаслик, худди шунингдек улар томонидан ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар ҳақида атайин нотўғри маълумотлар бериш —
мансабдор шахсга энг кам иш ҳақининг уч бараваридан етти бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
47.2-модда. Ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни жойлаштиришда қонун ҳужжатлари талабларини бузиш
Ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни оилага тарбияга (патронат), фарзандликка беришда, уларга васийлик (ҳомийлик) белгилашда ёхуд уларни етим болалар ёки ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар учун тайинланган тегишли давлат муассасасига жойлаштиришда қонун ҳужжатлари талабларини бузиш —
фуқароларга энг кам иш ҳақининг икки бараваридан беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса — уч бараваридан етти бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
(471 ва 472-моддалар Ўзбекистон Республикасининг 2008 йил 16 апрелдаги ЎРҚ-153-сонли Қонуни билан киритилган — ЎР ҚҲТ, 2008 й., 16-сон, 117-модда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
47.3-модда. Никоҳ ёши тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш
Никоҳ ёшига етмаган шахс билан ҳақиқатда никоҳ муносабатларига киришиш, —
энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Ота-она ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан никоҳ ёшига етмаган шахсни эрга бериш ёхуд уйлантириш, —
энг кам иш ҳақининг етти бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Никоҳ ёшига етмаган шахс билан никоҳ тузишга доир диний маросимни амалга ошириш, —
энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
(473-модда Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил 30 апрелдаги ЎРҚ-352-сонли Қонунига асосан киритилган — ЎР ҚҲТ, 2013 й., 18-сон, 233-модда)
48-модда. Васийлик ҳуқуқини суиистеъмол қилиш
Васийликка олинганнинг зарарига ғаразли мақсадларни кўзлаб васийликдан ёки ҳомийликдан фойдаланиш ёки уни назоратсиз ва зарур моддий ёрдамсиз қолдириш —
энг кам иш ҳақининг икки бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
49-модда. Меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш
Мансабдор шахс томонидан меҳнат ва меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бузилиши —
энг кам иш ҳақининг икки бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Худди шундай ҳуқуқбузарлик вояга етмаган шахсга нисбатан содир этилган бўлса, —
энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
(49-модда Ўзбекистон Республикасининг 2009 йил 21 декабрдаги ЎРҚ-236-сон Қонунига асосан иккинчи қисм билан тўлдирилган — ЎР ҚҲТ, 2009 й., 52-сон, 551-модда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
49.1-модда. Вояга етмаган шахсларнинг меҳнатидан фойдаланишга йўл қўймаслик тўғрисидаги талабларни бузиш
Вояга етмаган шахс меҳнатидан унинг соғлиғи, хавфсизлиги ёки ахлоқ-одобига зиён етказиши мумкин бўлган ишларда фойдаланиш, —
фуқароларга энг кам иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
(491-модда Ўзбекистон Республикасининг 2009 йил 21 декабрдаги ЎРҚ-236-сон Қонунига асосан киритилган — ЎР ҚҲТ, 2009 й., 52-сон, 551-модда)
Олдинги таҳрирга қаранг.